Хоразмда олий хореография таълими янги босқичга кўтарилмоқда
Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Хоразм воҳаси азалдан ўзининг бой маданий мероси, бетакрор санъати ва жозибадор рақслари билан дунёга танилган. Инсон руҳиятини жунбушга келтирадиган Хоразм рақс мактаби анъаналарини муносиб давом эттириш, ёш истеъдод эгаларини замонавий талаблар асосида тарбиялаш мақсадида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, филиал ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.

Хореография академияси филиалининг янги биноси 200 нафар талабага мўлжалланган бўлиб, ўзининг 70 ўринли ётоқхонасига ҳам эга. Талабаларнинг касбий маҳоратини ошириш учун 7 та махсус рақс хонаси мавжуд. 160 ўринли зал турли маданий-маърифий тадбирлар, кўрик- танловлар, ижодий учрашувларни юқори савияда ўтказиш имконини беради.

Етарлича инфратузилмага эга бўлган ушбу муҳташам бино талабаларнинг сифатли таълим олиши ва маҳорат ошириши учун барча зарур восита билан жиҳозланган.

Янги ўқув биносининг фойдаланишга топширилиши нафақат академия жамоаси ва талабалари, балки вилоятдаги маданият ва санъат аҳли учун ҳақиқий байрамга айланди.

Тантанали тадбир якунида академия ижодий жамоаси ва талабалари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилиб, йиғилганларга хуш кайфият ва унутилмас таассуротлар бағишлади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири