Хоразмда экологик барқарорлик ва яшил иқтисодиёт ривожи ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Хамзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Дастлаб ишчи гуруҳ Хива туманидаги “Парчанхос” маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти ҳамда аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш тажрибаси билан танишди.
Ҳудуддаги намунали хонадонларда амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Шунингдек, “Гулзор” кўчасида фаолият юритаётган тадбиркор Отабек Аллабергановнинг иссиқхона ва гулчилик хўжалиги фаолияти кўздан кечирилди. Ўн йил муқаддам ташкил этилган “Муҳаммад Мадина Меҳрож” фермер хўжалигида айни пайтда 2 гектар майдонда турли гул кўчатлари етиштирилмоқда. Бугунги кунда хўжаликда мавсум давомида 200 минг туп мавсумий гул, 5 минг туп хона гуллари ҳамда 15 минг туп дала гуллари парвариш қилинмоқда. Ўрганишлар давомида соҳада қўлланилаётган илғор тажрибалар ва ташаббуслар муҳокама қилиниб, фаолият самарадорлигини ошириш бўйича тавсия ва таклифлар билдирилди.
Ишчи гуруҳ Хива туманидаги Қушчи каттабоғ маҳалласида фаолият юритаётган анорчилик хўжаликлари билан ҳам танишди. Ҳудудда анор етиштириш бўйича амалга оширилаётган агротехник тадбирлар, ҳосилдорликни оширишга қаратилган замонавий ёндашувлар ва экспортбоп маҳсулот етиштириш тажрибалари ўрганилди. Фермер ва боғбонлар билан бўлиб ўтган мулоқотларда сувдан оқилона фойдаланиш, иқлим шароитига мос навларни кўпайтириш ҳамда интенсив боғларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маълумотларга кўра, деҳқон Матназар Аминов 10 сотих ер майдонидаги 80 туп анор дарахтидан йилига 3-4 тоннагача ҳосил олиб, ички бозорларга етказиб бермоқда. Шунингдек, ишчи гуруҳ Хива туманидаги Қорақум илмий-тажриба станцияси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудуддаги мавжуд кўчат захиралари, уларни етиштириш жараёнлари ҳамда тупроқ-иқлим шароитига мос дарахт ва бута турларини кўпайтириш борасида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳақида маълумотлар олинди.
[gallery-29702]
Станцияда амалга оширилаётган илмий-амалий ишлар, инновацион ёндашувлар ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган лойиҳалар муҳокама қилинди. Мутасаддилар таъкидлашича, бундай ўрганишлар ҳудудларда боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини янада ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижросини самарали давом эттиришга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА