Хоразмда "Дала куни"
Хоразм вилоятининг Янгибозор туманидаги “Барака Балтимор” фермер хўжалигида пахта етиштиришда регенератив қишлоқ хўжалиги тамойиллари ва ерга камайтирилган ишлов бериш технологиясига бағишланган “Дала куни” ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳага кирувчи мазкур тадбир Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” (FOLUR) доирасида ташкил этилди.
Регенератив қишлоқ хўжалиги тупроқ унумдорлигини сақлаш ҳамда яхшилаш, сув ва бошқа ишлаб чиқариш ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган ёндашувдир. Тупроққа ишловни камайтириш, ўсимлик қолдиқларини далада сақлаш, алмаштириб экиш, ўғитларни таҳлил асосида қўллаш ва сувни оқилона бошқариш унинг асосий амалиётлари қаторига киради. Ушбу амалиётлар ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити ва мавжуд муаммоларига қараб танланади.
“Дала куни”да фермерлар, соҳа мутахассислари, лойиҳа ҳамкорлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари тупроққа механик ишловни камайтириш, тупроқ соғлигини сақлаш ҳамда сув, уруғлик ва минерал ўғитлардан самаралироқ фойдаланишга қаратилган амалий тажриба билан танишдилар.
– Регенератив қишлоқ хўжалиги барча ҳудудларда бир хил қўлланадиган тайёр ечим эмас, – дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги офиси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров. – Ҳар бир технология маҳаллий тупроқ, сув ва иқлим шароитига мос равишда синовдан ўтказилиши керак. Хоразмдаги ушбу тажриба илмий ёндашувларни фермерлар учун амалий ва иқтисодий жиҳатдан мақбул ечимларга айлантиришга хизмат қилмоқда.
[gallery-31571]
“Барака Балтимор” фермер хўжалигининг 30 гектар кўргазмали майдонида анъанавий ва ерга камайтирилган ишлов бериш усуллари таққосланмоқда. Тажриба вариантида баҳорги икки марта чизель қилиш олиб ташланган, бороналаш ва молалаш сони уч мартадан бир мартагача, суғориш эса беш мартадан уч мартагача камайтирилган. Минерал ўғитлардан фойдаланишдаги асосий фарқ аммофос миқдорида кузатилмоқда. Анъанавий вариантда гектарига 300 килограмм аммофос қўлланган бўлса, камайтирилган ишлов вариантида бу кўрсаткич 100 килограммни ташкил этган. Аммиакли селитра, аммоний сульфат ва калий хлор меъёрлари ўзгартирилмаган. Суспензия билан ишлов бериш сони ҳам беш мартадан уч мартагача қисқартирилган.
– Бугунги шароитда ҳар бир куб метр сув, ҳар бир килограмм ўғит ва ҳар бир агротехник операциянинг самарадорлигини ҳисобга олишимиз зарур, – дейди Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдизухоров.– Хоразмдаги тажриба камайтирилган ишлов технологиясининг ресурс сарфи, ишлаб чиқариш харажатлари ва ҳосилдорликка таъсирини аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш имконини бермоқда. Ўтган йилги олинган натижалар ва жорий йил натижалари таққослангач, ушбу тажрибани ўхшаш тупроқ-иқлим шароитига эга бошқа ҳудудларда қўллаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.
“Барака Балтимор” фермер хўжалиги FOLUR –Ўзбекистон лойиҳаси доирасида ушбу фермер хўжалигида Бразилиядан олиб келинган, тўғридан-тўғри экувчи махсус экиш ускуналаридан фойдаланилмоқда. Экиш ускунаси чигитни белгиланган чуқурлик ва масофада аниқ жойлаштириш ҳамда фосфорли ўғитни даланинг бутун юзасига сочмасдан, уруғ ва келажакдаги илдиз зонасига яқин ҳолда маҳаллий усулда киритиш имконини беради. Бу бир текис кўчат олиш, ортиқча уруғ сарфини камайтириш ва фосфорли ўғитдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун шароит яратади.
– Биз ушбу технологияни хўжалигимизнинг ўтган йили ён атрофдаги фермерлар билан биргаликда 80 гектар майдонида синаб кўрган эдик ва яхши натижалр олингани учун бу йил 200 га майдонда жорий этишга эришдик, – дейди “Барака Болтимур” фермер хўжалиги раҳбари Тўробой Ражабов. – Ерга ишлов бериш операциялари камайгани сабабли техника, ёқилғи ва меҳнатга сарфланадиган вақт қисқарди. Суғориш сони беш мартадан уч мартагача, аммофос миқдори эса гектарига 300 килограммдан 100 килограммгача ёки 70 фоизга камайди. Бу йил ҳосил ўтган йилгига нисбатан ҳам юқори бўлиши кутилмоқда.
“Дала куни” давомида иштирокчилар анъанавий ва камайтирилган ишлов асосида етиштирилган ғўза майдонларини бевосита таққосладилар. Мутахассислар тупроқ намлиги, сувнинг тупроққа сингиши ва тупроқ зичлиги бўйича амалий намойишлар ўтказдилар. Шунингдек, сув тежашда нималарга эътибор қаратилгани тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари