Хоразм вилояти ўзининг қадимий тарихи ва маданий мероси билан дунё халқлари орасида ном қозонган. Сўнгги йилларда ҳудуд иқтисодий жиҳатдан ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Ўтган йил Туркия, Хитой, Германия, Эрон ва Россия каби қатор давлатлардан 643,3 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилган. Вилоятнинг янги корхоналарнинг асосий йўналишлари анъанавий равишда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати ҳисобланади. Шунингдек, тайёр кийим-кечак, мебель, қурилиш материаллари, пластик ва қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби йўналишлар ҳам ривожланмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида импорт ўрнини босувчи лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги технология ва таркибдаги маҳсулотларга асосланган ишлаб чиқариш тармоқлари ҳудуд иқтисодиётида муҳим ўринга эга.

Бир сўз билан айтганда, Хоразм вилоятига жалб қилинаётган инвестициялар кўлами кенгайиб бормоқда.
Фикримизга мисол тариқасида Урганч туманида жойлашган “Тилло Домор” хусусий корхонаси фаолиятини эътироф этиш мумкин. Сутни қайта ишлаш соҳасида фаолият юритаётган мазкур тадбиркорлик субъекти кейинги йилларда янада ривожланди. Туркия, Хитой ва Болгария каби давлатлардан янги технологик ускуналар олиб келинди. Натижада цех ва инфратузилмалар шу йилнинг биринчи чорагида тўлиқ ишга туширилди.

Бугунги кунда умумий қиймати 11 миллион долларни ташкил этадиган лойиҳа 1,5 гектар майдонга жойлаштирилган. Корхонада 100 нафар доимий иш ўрни яратилган ва йилига 100 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати мавжуд.
Ўтган йил 47 миллиард сўмлик товар ишлаб чиқарилган объектда ҳозир 50 турдан зиёд сут маҳсулотлари тайёрланади. Хомашё асосан маҳаллий чорвачилик фермалари ва аҳоли томонидан етказиб берилади. Ҳар куни юздан ортиқ ферма ва чорвачилик билан шуғулланадиган аҳолидан сут қабул қилинади. Бу жараён 60 та маҳаллага хизмат кўрсатаётган 34 та сут қабул қилиш шохобчалари орқали амалга оширилади.

Корхона раҳбари Ферузбек Қуронбоев жорий йил 2,5 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилганини таъкидлади. Мазкур лойиҳа хусусий секторнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашдаги фаол иштирокини намоён этувчи муҳим намуна ҳисобланади.
Корхона фаолиятига бағишланган махсус лавҳани ЎзАнинг YouTube тармоғида томоша қилинг.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WPQHOJ-fxgs" title="Xorazmda aholi daromadini oshirishga xizmat qilayotgan loyihalar ko‘paymoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА