Хоразмда саноат тармоқлари ривожланмоқда
Хива шаҳрида жойлашган “Арда Хива” мажмуасида Хоразм вилоят ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси иш бошлади.
Уч кун давом этадиган мазкур ярмаркада туризм, туризм соҳаси учун тўқимачилик маҳсулотлари, транспорт ва логистика, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги техникаси, мебелсозлик саноати йўналишларида павильонлар ташкил этилган. Бундан кўзланган мақсад хорижий ва мамлакатимиздаги йирик тармоқ корхоналарига маҳаллий кичик ва хусусий бизнес вакиллари томонидан импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни етказиб беришда кооперация алоқаларини ташкил этишдир.
Ярмаркада Хоразмнинг барча шаҳар ва туманлари, шунингдек, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам корхоналар ўз маҳсулоти билан қатнашмоқда.
[gallery-25393]
Вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов кўргазма фаолияти билан танишди.
– Мазкур ярмаркада 30 дан ортиқ давлатдан 200 га яқин ҳорижий инвесторларнинг ҳам иштирок этаётгани қувонарли ҳол, – дейди вилоят ҳокимининг маҳаллий саноат корхоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Фозилжон Худойберганов. – Муҳими, бу каби ярмаркалар ишлаб чиқарувчиларни харидорлар билан боғлайди, уларга кафолатли бозор топиб беради. Рақамларга тўхталсак: электрон кооперация портали орқали бугунги кунда вилоятдаги 5 минг 343 та корхона рўйхатдан ўтган бўлиб, улар томонидан 70 млрд сўмлик 2 минг 740 та шартнома имзоланган. Бундан кўринадики, маҳаллий тадбиркорларимиз ўртасидаги ўзаро кооперация алоқалари ривожланиб бормоқда.
Бугун вилоятда турли хилдаги дори-дармонлар, фольга,металлар коррозиясини тозаловчи воситалар, базальт тошидан минерал плиталар, рақамли дастур билан бошқариладиган темирни ва ёғочни қайта ишлаш ускуналари, лифт, автоклавланган газаблок, ёнилғи-мойлаш материаллари каби бир қанча янги турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган.
Ушбу ярмаркада эса саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун талаб этиладиган импорт маҳсулотларини маҳаллийлаштириш орқали ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича унумли фойдаланиш имкониятлари мавжуд.
Хуллас, мазкур кўргазма бозорга янги кирадиган, ўзимизда маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни қўллаб-қувватлаш учун буюртмалар портфелини шакллантиришга ва маҳсулотларни реклама қилишга амалий ёрдам беради. Бунинг баробарида ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашади ҳамда вилоят саноатига ижобий таъсир кўрсатади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари