Хоразм вилоят суди ва вилоят маъмурий судининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолиятига доир ахборотни жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда вилоят суди раисининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлари бўйича ўринбосарлари ва маъмурий суд вакили иштирок этиб, йўналишлар бўйича қилинган ишлар ҳақида маълумот берди.
Ўтган олти ой давомида вилоят судларида жами 562 та жиноят, 7 минг 281 та фуқаролик, 4 минг 599 та иқтисодий ва 934 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган. Шунингдек, 55 нафар шахс суд залидан қамоққа олинган, 19 нафар шахс қамоқдан озод этилган. 400 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ва 12 нафар фуқаро оқланган.
Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 203 та ёки 36,1 фоиз жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган. Бу кўрсаткич фуқаролик ишлари бўйича судларда 2 минг 320 та яъни 31,9 фоизини, иқтисодий ишлар бўйича судларда 2 минг 131 та яъни 46,3 фоизини ташкил этган.
Маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг 327 таси, яъни 35 фоизи сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган. Суд амалиётида ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича 291 та ариза кўриб чиқилган ва шундан 162 таси қаноатлантирилган.
Ўтган вақт мобайнида иқтисодий судларда кўрилган ишларни ўтган 2020 йилнинг шу даври билан таққосланганда, олди-сотди шартномаси бўйича 56 тага, маҳсулот етказиб бериш шартномаси бўйича 683 тага, кредит шартномаси бўйича 187 тага, тадбиркорлик субъектларининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш юзасидан 1504 тага кўпайган.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва блогерларнинг одил судловни амалга оширишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби таклифлари инобатга олинди ҳамда суд фаолиятига доир саволларга жавоб берилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА