Наманганда судлар фаолияти таҳлил этилди
Наманган вилояти судида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари, одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда вилоят суди раиси ва унинг ўринбосарлари, вилоят маъмурий судининг судьялари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда судлар томонидан ўтган даврда кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари хусусида атрофлича маълумот берилди.
Вилоят судининг раиси Аъзамжон Худойбердиевнинг қайд этишича, суд органларида иш ҳажми ўтган даврга нисбатан ортган. Биргина фуқаролик ишлари бўйича кўрилган ишлар 20 фоизга ортган. Ҳар бир судьяга кўрилган бир ойлик иш сони 406 тани ташкил этди.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида жиноят ишлари бўйича шаҳар, туман судлари томонидан биринчи босқичда жами 4 минг 340 нафар шахсга нисбатан 3 минг 618 жиноят иши кўрилган. Мазкур даврда судлар томонидан 30 минг 176 шахсга нисбатан 24 минг 185 маъмурий иш қўзғатилган. Вилоятда вояга етмаганлар ва қизлар иштирокида жиноятчилик ошганлиги ташвиш билан тилга олинди. Шунингдек, гиёҳвандлик, транспортдан фойдаланиш, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар сони ортган.
Мамлакатимизда инсонпарварлик ва одил судловни юритиш сиёсати натижасида 260 шахс суд залидан озод қилинган. Учта иш юзасидан муқаддам ноҳақ айбланганларга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Тарафларнинг ярашуви қўлланиши туфайли 360 шахс шартли равишда жазодан озод этилди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 61 мингдан ортиқ ишлар кўриб чиқилиб, шундан 13 минг 605 таси фуқаролик иши ва 43 мингдан зиёди буйруқ тартибида ҳамда 4 минг 415 таси материал тартибида кўрилган ишларга тўғри келади. Жумладан, ишга тиклаш, иш ҳақини ундириш, суғурта шартномалари ва кредитларни ундириш билан боғлиқ ишлар кўпайган.

Никоҳдан ажратишга оид 2 минг 364 ишнинг 1 минг 423 таси қаноатлантирилди. Мавжуд ҳолат вилоятдаги маҳаллалар кесимида вилоят хотин-қизлар ва оила бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси ҳудудий бўлимлари билан биргаликда атрофлича таҳлил қилинди. Бунинг натижасида судларнинг бевосита амалий кўмагида ажралиш ёқасида турган 91 оила яраштирилди.
Қолаверса, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан фуқароларга етказилган моддий зарар билан боғлиқ 625 миллион сўм ва иш ҳақларини ундириш мақсадида 2 миллиард 180 миллион сўм маблағлар ундирилди.

Вилоят судининг иқтисодий судлари томонидан шу йилнинг ўтган олти ойида 10 минг 154 иқтисодий иш мазмунан ҳал этилди. Тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш мақсадида ишларнинг 3 минг 193 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган. Судлар томонидан бизнес эгаларининг фойдасига 86 миллиард 87 миллион сўм маблағлар ундирилди.
Наманган вилояти маъмурий судлари томонидан ўтган даврда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 606 иш кўрилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 тага ёки 4,8 фоизга кўпайганлиги қайд этилди. Кадастр ва солиқ идоралари фаолиятига фуқароларнинг ҳақли эътирозлари ошган. Қолаверса, Наманган шаҳри, Чуст, Наманган, Поп ва Чортоқ туманлари ҳокимликларида ер билан боғлиқ қарорга ўзгартириш киритиш, тадбиркорларга ер ажратиш каби низоли масалалар ортганлиги кўрсатиб ўтилди.
Тадбирда журналистларнинг қизиқтирган саволлари, таклиф, фикр-мулоҳазаларига суд раислари ва судьялар батафсил жавоб қайтарди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.