Тошкент вилоятида аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларга жойида ечим топиш мақсадида мутасаддилар томонидан “маҳаллабай" тизими асосида иш олиб борилмоқда.
Бўстонлиқ тумани ҳокими Ж.Аҳмедов “Бурчмулла” ва “Яккатут” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги аҳоли яшаш шароитини ўрганди.
Дастлаб, туман ҳокими томонидан “Бурчмулла” МФЙ ҳудудидаги анча йиллардан буён чиқинди йиғиш майдони сифатида фойдаланилаётган ҳудудни ободонлаштириш хусусида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Шундан сўнг техник воситаларни сафарбар қилган ҳолда белгиланган ҳудудда рекультивация ишлари олиб борилди.
“Яккатут” МФЙ ҳудудида олиб борилаётган “маҳаллабай” ишлаш тизими ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш масаласида маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари билан учрашув ўтказилди.
Шунингдек, ҳудуддаги ободонлаштириш ишлари, коммунал муаммолар билан боғлиқ мурожаатлар алоҳида эътиборга олиниб, масъуллар зиммасига зарур вазифалар юкланди.
Бундан ташқари, туман ҳокими бир гуруҳ мутасадди ташкилот вакиллари билан биргаликда ҳудудда қайта таъмирланаётган 21-сонли мактабгача таълим такшилотининг қурилиш ишларини кўздан кечирди. Таъкидлаш керакки, мазкур таълим ташкилоти қайта таъмирланганидан сўнг болажонларнинг таълим-тарбия олишлари учун қулай шароит яратилади.
Туман ҳокими ҳудуддаги аҳолининг мурожаатларини ўрганар экан, энг аввало, ички йўлларни таъмирлаш лозимлигини таъкидлади. Бу масала юзасидан туман ободонлаштириш бошқармаси ва туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига муҳим вазифалар берилди.
Оққўрғон туманида ҳам ҳудуд мутасаддилари томонидан аҳоли муаммоларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Д.Маматқулов, туман ҳокими биринчи ўринбосари К.Шинтемировлар бошчилигида ташкилотлар раҳбарлари ва банк масъуллари иштирокида "Ёшлик" маҳалла фуқаролар йиғинида ўрганишлар олиб борилди.
Бу ерда ҳоли яшаш шароитини яхшилаш, бандлик, хусусан, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан "маҳаллабай" тизими бўйича иш ташкил этилди. Маҳаллада "Темир дафтари", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан суҳбатлашилиб, уларнинг муаммолари тингланди.
Хусусан, маҳаллада яшовчилар М.Оқбўтаева, Ю.Тошпўлатов, Ш.Йўлдошевлар хонадонларига субсидия асосида аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази туман бўлими томонидан иссиқхона қурилиб, бандлиги таъминланадиган бўлди. Фуқаро Э.Исмоилов қурилиш ташкилотига ишга жойлаштирилди ва М.Абдугаппаровга касбга тайёрлаш курсига йўлланма берилди.
Янгийўл шаҳар ҳокими Ф.Мирзаев Регистон кўчаси, “Куркулдак” канали устидан ўтган кўприкни реконструкция қилиш жараёни билан танишди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 октябрдаги йиғилиш баёнида Янгийўл шаҳрининг Регистон ва Ниёзбош кўчаларини бир-бирига боғловчи кўприк қуриш, “Куркулдак” канали устидан ўтган кўприкни ҳам биргаликда реконструкция қилиш белгиланган эди. Шунингдек, тегишли ҳужжатлар асосида шаҳар ҳудудидан ўтувчи жами 3.7 километр узунликдаги автомобиль йўлни мукаммал таъмирлаш лозим.
Айни пайтда пудратчи ташкилотлар томонидан бунёдкорлик ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда. Шаҳар ҳокими ўрганишлар давомида масъулларга қурилиш сифатига алоҳида эътибор қаратиш, белгиланган муддатларда якунлаш борасида топшириқлар берди.
А. Мусаев, ЎзА