Ҳудудлардаги масалалар яқиндан ўрганилмоқда
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда халқ вакилларининг жойлардаги ўрганишлари, туман ва маҳаллаларда олиб бораётган фаолияти алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Хоразм вилоятининг Урганч туманида ижтимоий соҳа объектларини ўрганмоқда, сайловчилар, аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.
У.Иноятов дастлаб тумандаги 38-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, реконструкция ишларининг бориши билан танишди. 1000 нафардан зиёд ўқувчи таълим оладиган ушбу мактаб депутатлик овози билан “Ташаббусли бюджет” доирасида тўлиқ капитал таъмирланмоқда. Мутасаддиларга белгиланган режа-график бўйича таъмирлаш ишларини сифатли ҳамда ўз вақтида амалга ошириш, янги ўқув йили учун тайёргарлик жараёнларини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан таклиф-тавсиялар берилди.
Тумандаги “Арбоблар” маҳалласида “маҳалла еттилиги” билан мулоқот ўтказилиб, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ўз ишини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларга ҳар томонлама қулай шароит яратиш йўналишларидаги ишлар таҳлил қилинди.
Учрашувлар давомида маҳалла вакилларининг мурожаатлари тингланиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда уларни ҳал этиш чоралари белгиланди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутати Дурбек Аҳмедов ҳам Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги маҳаллаларда, ижтимоий-иқтисодий объектларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказмоқда. Ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий объектлардаги ўрганишлар давомида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
М.Комилова, ЎзА