Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарини амалга ошириш бўйича бир қатор янгиликлар жорий этилади.
Низомда ходимларни хизмат сафарига юбориш тартиби;
хизмат сафарига юбориладиган ходимга хизмат сафари билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш;
хизмат сафарига юборилган ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
хизмат сафарига кетаётган ва хизмат сафаридан қайтаётган шахсларни рўйхатга олиш бўйича махсус электрон журналлар юритиш тартиби йўлга қўйилади.
Хизмат сафари харажатлари ҳисобини юритиш бўйича дастурий таъминот ва унинг мобил иловаси ишлаб чиқилади.
Мобил илова орқали хизмат сафарида бўлган ходимнинг транспорт, меҳмонхона, овқатланиш ва бошқа харажатлари харид чекининг фискал белгиси матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида онлайн тарзда ҳисобга олинади ҳамда хизмат сафари харажатларини автоматик равишда ҳисоблаш учун “УзАСБО” дастурий мажмуасига узатилади.
Дастурий таъминотда ходимни хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади ҳамда ходимлар хизмат сафарига юборилганлиги тасдиқлангандан сўнг меҳмонхона харажатлари бўйича меҳмонхоналарга тўланадиган тўловлар пул ўтказиш йўли билан автоматик равишда ўтказиб берилади.
Ўзбекистан Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликларига уч ой муддатда бюджет ташкилотлари ҳамда меҳмонхоналар ўртасида Республика ҳудудида хизмат сафарига юборилган ходимларни турар жойдан фойдаланишга оид шартномаларни расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш бўйича электрон модул яратиш вазифаси юклатилган.
ЎзА