Хивада III “Лазги” халқаро рақс фестивали ўтказилади (+видео)
Жорий йилнинг 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида “Лазги” III халқаро рақс фестивали бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли маданий тадбирнинг асосий мақсади – “Хоразм лазги рақси” санъатининг асрий анъаналарини асраш ва ривожлантириш, шу орқали халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик ва маданий алоқаларни янада кенгайтиришдан иборатдир.
“Лазги” халқаро рақс фестивали сўнгги йилларда кенг кўламли маданий лойиҳалардан бири сифатида шаклланиб бормоқда. Хусусан, 2022 йилда Хива шаҳрида бўлиб ўтган I “Лазги” халқаро рақс фестивалида дунёнинг 30 та давлатидан вакиллар иштирок этган. Унда 175 дан ортиқ истеъдодли раққосалар, профессионал рақс жамоалари, рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар ҳамда соҳа мутахассислари қатнашган.
2024 йилда ўтказилган II “Лазги” халқаро рақс фестивали эса янада кенг қамров касб этди. Унда дунёнинг 33 давлатидан 200 дан зиёд иштирокчи – истеъдодли раққосалар, профессионал рақс жамоалари, санъат усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ҳамда фахрий меҳмонлар иштирок этди.
Фестиваль доирасида миллий ва замонавий рақс санъатининг энг яхши намуналари намойиш этилиб, турли халқлар ўртасида маданий мулоқот ва ижодий алмашинув учун кенг майдон яратилди.
Маълумки, “Лазги” Хоразм рақс санъатининг ноёб намунаси бўлиб, у нафақат миллий маданиятнинг ажралмас қисми, балки дунё саҳнасида ўз ўрнига эга бўлган бадиий мерос сифатида эътироф этилмоқда.
Шу жиҳатдан, жорий йилда ўтказиладиган III “Лазги” халқаро рақс фестивали ҳам ушбу анъанани давом эттирган ҳолда, янада кенг кўламли ва мазмунли маданий тадбир сифатида ўтиши кутилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Uqx2aONrxHc" title="Xivada III “Lazgi” xalqaro raqs festivali o‘tkaziladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири