Хивада III “Лазги” халқаро рақс фестивали бошланди
Маълумки, 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали ўтказиб келинмоқда.
ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётган “Лазги” халқаро рақс фестивалига жорий йилдан бошлаб, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти ҳам шафелик қилади.
2026 йилда учинчи маротаба ўтказилаётган III “Лазги” халқаро рақс фестивалига дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларидан 300 дан зиёд истеъдодли раққосалар, профессионал рақс жамоалари, рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, соҳанинг етук мутахассислари, фахрий меҳмонлар иштирок этмоқда.
Фестиваль доирасида хорижий ва маҳаллий рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар ва фахрий меҳмонлар иштирокида “Жаҳон маданий тараққиётида рақс санъати: анъана ва умумбашарий қадриятлар” мавзусидаги III халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия маданий қўшма комиссиясининг III йиғилиши, ТУРКСОЙ аъзоси давлатларнинг санъат ва рақс олий ўқув юртлари ректорларининг III йиғилиши, “Турк дунёсининг анъанавий рақси антологияси” мавзусида конференция, “Этномаданий форум”ларнинг ўтказилиши режалаштирилган.
[gallery-29010]
Хива шаҳрида жойлашган “Ичан қалъа” мажмуасида эса фестивалнинг тантанали очилиш ҳамда тақдирлаш (ёпилиш) маросимлари бўлиб ўтади.
Фестиваль доирасида тўрт кун давомида рақс танлови ўтказилиб, унда хорижий ва маҳаллий иштирокчилар ижодий беллашади.
Ўтказиладиган танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва пул мукофотлари билан тақдирланади
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзодбек Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари