Хива ҳамда Урганч шаҳарларига саёҳат
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ҳамда “Ноябрь ойи – кексалар туризми ойи” муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан бир гуруҳ нуронийлар ва ёш ишчи ходимлар учун Хива ва гўзал Урганч шаҳрига икки кунлик саёҳат уюштирилди.
Саёҳатчилар Хива шаҳрининг Ичан-Қалъа давлат музейи қўриқхонасидаги Калта минор, Паҳлавон Маҳмуд масжиди, Шерғозихон мадрасаси, Аллақулихон масжидларида бўлишди. Шунингдек, Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди ёдгорлиги, Охунбобо масжиди, Улли ҳовли мажмуаларига зиёрат қилинди.

– Мен Хивага ёшлик пайтимда келган эдим. Мана ҳозирда яна тарихий шаҳарни зиёрат қилиб мафтун бўлмоқдаман. Ичан қалъадаги ҳар бир ғиштнинг ўзи бой тарихдан сўзлайди. Бир вақтлари бу ерда буюк Мақтимқули, Ажиниёз шоирлар таълим олганлигини эсласам, янада бу шаҳарга муҳаббатим ортади, – дейди Қорақалпоғистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Кегейли тумани кенгаши раиси Узақбай Утегенов. – Хивада мен энг кўп эшитган сўз “меҳмон” бўлди. Хиваликларнинг барчаси бизга “меҳмон, меҳмон” деб ҳурмат-иззат кўрсатишаяпти. Бу илиқ сўз кишига яхши кайфият бағишлар экан.

Айни пайтда пандемия сабабли хорижий сайёҳларнинг ташрифи кам бўлса ҳам, Хивага мамлакатимизнинг турли бурчакларидан келаётган саёҳлар кўп.

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган Ичан қалъа тарихий-меъморий мажмуасига 4 дарвоза орқали кирилади. Уларни Ота дарвоза, Боғча дарвоза, Тош дарвоза ва Полвон дарвоза, деб аташади. Бугунги кунда мажмуада 40 мингдан зиёд экспонат сақланмоқда.

Умумий майдони 26 гектар бўлган қалъада 54 тарихий архитектура ёдгорлиги жойлашган. Қалъани ўраб турган эни 5-6 метрлик деворнинг узунлиги 2200 метрни ташкил қилади. Бу эсдаликларни бафуржа айланиб, томоша қилиш учун албатта икки кунлик саёҳат камлик қилади. Саёҳат иштирокчилари Хивага яна ташриф буюриш истагини билдиришди.

Е.Қаноатов, У.Бекчанов (сурат), ЎзА