Хитой университетлари билан ҳамкорлик
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи муносабати билан шу кунларда Пекин шаҳрида Хитой - Ўзбекистон таълим форуми ўтказилмоқда. Унда икки мамлакатдан олий таълим муассасалари раҳбарлари, илм-фан соҳаси вакиллари, вазирликлар масъуллари қатнашмоқда.
Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг Пекин халқаро тадқиқотлар университетида ўтказилаётган форум доирасида хитойлик ҳамкорлар билан бир қатор муҳим учрашувлари белгиланган, деб хабар бермоқда университет ахборот хизмати.
Жумладан, Р.Холмуродов Хитойнинг Шенянг Аграр университети, Жилин халқаро таълим университети, Шимолий-ғарб политехника университети, Хейлонгжиянг университети ва бошқа олий таълим муассасалари раҳбарлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзолайди.



Ушбу ҳамкорлик шартномаларида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, малака ошириш ҳамда қисқа ва узоқ муддатли стажировкалар, қўшма лойиҳалар ва таълим дастурларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Мазкур халқаро форум икки давлат олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқишда муҳим платформа вазифасини ўташи таъкидланмоқда.
Ғ. Ҳасанов,
ЎзА мухбири