Хитой собиқ бош вазири Чжу Жунцзи вафот этди
Хитойнинг собиқ Бош вазири Чжу Жунцзи 97 ёшида вафот этди.
Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди. Марҳум давлат арбоби мамлакат иқтисодиёти ислоҳоти ва Хитойнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувида муҳим ўрин эгаллаган сиёсатчилардан бири сифатида эътироф этилган.
Чжу Жунцзи 1987 йил Шанхай мэри этиб тайинланиб, шаҳарнинг халқаро молиявий марказга айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатга раҳбарлик қилган. 1991 йилдан марказий ҳукуматда ишлаб, иқтисодий ислоҳотларни илгари сурган. Шунингдек, ўтган аср 90-йилларида у иқтисодиётдаги алангаланишни жиловлаш, давлат корхоналарини камайтириш ва хусусийлаштириш, солиқ тизимини марказлаштириш ҳамда уй-жой мулкига эгалик қилиш ташаббусларини амалга оширишда фаол иштирок этди.
Чжунинг энг муҳим ютуқларидан бири Хитойнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши учун олиб борилган музокара билан боғлиқ. Унинг саъй-ҳаракатлари натижасида Чин мамлакати 2002 йил ЖСТ аъзосига айланган.
Сиёсатчи 1998-2003 йиллари Бош вазир лавозимида ишлаганда бевосита ва кескин баёнотлари билан танилди. 2011 йил унинг нутқлари тўплами китоб ҳолида нашр этилиб, оммада катта қизиқиш уйғотган.
Д.Ҳакимов, ЎзА