Хитой билан спорт йўналишидаги ҳамкорлик ривожланмоқда
Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасидаги алоқаларнинг йилдан йилга ривожланаётгани, “Бир камар, бир йўл” ташаббусини қўллаб-қувватлаш, бокс бўйича маданий алмашинув ва ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Qingdao Zhongkai Tianyo бокс клуби ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Келишувга биноан спортчиларнинг халқаро мусобақаларга тайёргарлигини ривожлантириш назарда тутилган бўлиб, замонавий ёндашувлар ва илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш, мураббийлар малакасини ошириш ҳамда халқаро майдонда юқори натижаларга эришишда ҳамжиҳатликни янги босқичга олиб чиқиш назарда тутилган.
Келишув жараёнида томонлар ушбу ҳамкорлик доирасида қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш, тажриба алмашув дастурлари ва спортчилар ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш натижадорликка эришишда муҳим омил эканини таъкидлашди.
Т.Рўзиев, ЎзА