11-13 июнь кунлари “Ўзбекгеологияқидирув” АЖ ташаббуси билан ОАВ вакиллари иштирокида жамият таркибидаги Ҳисор марказий геология қидирув экспедицияси (Қашқадарё вилояти)га пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва “Атроф-муҳитни асраш ҳамда яшил иқтисодиёт йили” давлат дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, республика минерал-хомашё базасини ривожлантиришга бағишланган геология қидирув ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида ўтказилди.
Ҳисор марказий геология қидирув экспедицияси Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятининг жанубий ҳудудларида қатъий фойдали қазилмалар бўйича илмий-техник қидирув ишларини олиб боради. Экспедициянинг таркибида Қашқадарё ва Сурхондарё дала экспедициялари фаолият кўрсатади.
2025 йилда экспедиция 24 та лойиҳа бўйича қидирув ишларини амалга оширмоқда. Қашқадарё дала экспедицияси 7 та лойиҳада вольфрам, олтин, рух, графит ва калий тузини ўрганмоқда. Сурхондарё дала экспедицияси эса 17 та лойиҳада норудали ва рангли металллар, қўрғошин, мис ва олтин қазилмаларини изламоқда.
– Бугунги кунда илғор технологиялар ёрдамида ер ости бурғилаш ишларида 100 фоизга яқин керн олиш имкониятига эга бўляпмиз, – дейди Қашқадарё дала геология қидирув экспедицияси бош геологи Зойир Сатторов. – Бу натижада таҳлиллар аниқ ва сифатли бўлиб, ер ости захираларини ҳисоблашда йўқотишлар деярли йўқ.
Иштирокчилар тош майдалаш цехида керн намуналарини тайёрлаш жараёни билан танишди. Бу ерда намуналар ер усти ва ер ости бурғилашларидан олинади, майдаланади ва лабораторияга таҳлил учун жўнатилади.
Пресс-тур давомида иштирокчилар Акба олтин участкасида геофизик ва бурғилаш ишлари билан ҳам яқиндан танишди.
– Геофизик усуллар ёрдамида минераллашган ҳудудларнинг магнит ва электр хусусиятлари ўрганилади, – дейди етакчи геофизик Ботир Ҳакимов. – Бу маълумотлар асосида келажакда бурғилаш ишлари режалаштирилади ва иқтисодий жиҳатдан самарали қарорлар қабул қилинади. Башоратларимиз 90-95 фоиз аниқликда бўлади.
[gallery-23914]
2019-2024 йилларда Қашқадарё дала экспедицияси томонидан олиб борилган “Акба олтин кони” лойиҳаси натижасида саноатбоп захиралар аниқланиб, 13 тонна олтин давлат захиралар балансига киритилди. Ҳозирда бу ерда қидирув ишлари давом этмоқда ва келажакда олтин захиралари 50 тоннагача кўпайиши кутилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари