Энергетика вазирлиги ва “ЛУКОЙЛ” компанияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги Ҳисор конлари гуруҳида газни қазиб олиш ва уни тозалаш жараёнини амалга оширувчи қатор объектларга пресс-тур ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси ва “ЛУКОЙЛ” компанияси ўртасида 2007 йилда “Жануби-Ғарбий Ҳисор ва Ўзбекистон Республикасининг Устюрт ҳудудларидаги конлар учун маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим” имзоланган. 2008 йилнинг март ойида “ЛУКОЙЛ” Жанубий-Ғарбий Ҳисор лойиҳасига кирди ва Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор конлари гуруҳини ривожлантиришни бошлади. “ЛУКОЙЛ”нинг “Ҳисор” лойиҳаси Қашқадарё вилоятидаги 7 та конни ўз ичига олади.
Лойиҳа доирасида 300 километр юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари, иккита подстанция, 126 километр кириш йўллари ҳам қурилди. Лойиҳа объектларида 64 минг куб метр бетон қуйилиб, 12 минг тоннага яқин металл конструкциялар ва 4 минг тоннадан ортиқ ускуналар ўрнатилди. Шунингдек 286 километр чизиқли қувур қурилди.
2017 йилда “Гумбулоқ” ва “Одамтош” конларида асосий ишлаб чиқариш ва технологик объектлар ишга туширилди. “Одамтош” газни тозалаш мажмуаси (ГТМ) ишга туширилди ва 1,8 миллиард куб метр қувватига эга “Одамтош” кучайтиргич компрессор станцияси (ККС) қурилиши якунланди. 2018 йилда газ қазиб олишнинг лойиҳавий қуввати йилига 5 миллиард кубга етказилди.
“Жарқудуқ” ГТМда кислотали компонентларни олиб ташлаш учун газни паст ҳароратда ажратиш, конденсатни барқарорлаштириш, диэтилен гликол эритмасини қайта тиклаш, газларни тозалаш, иссиқ ёғли тизим, қатламли сувни утилизация қилиш каби технологик жараёнлар қўлланилади. Бундан ташқари, тижорат гази, шартнома шартларига кўра, Шўртан газни қайта ишлаш заводига (“Ўзбекнефтгаз” АЖ) кислотали компонентлардан тозалаш ва қимматбаҳо маҳсулотлар (пропан-бутан фракцияси) қазиб олиш мақсадида етказиб берилади.
“ЛУКОЙЛ” нинг Жануби-Ғарбий Ҳисор лойиҳасини амалга оширишга киритган инвестициялари ҳажми 1,6 миллиард АҚШ доллардан ошди.
[gallery-3560]
Айтиш жоизки, ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал этишда “ЛУКОЙЛ” Қашқадарё вилоятида минтақа инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва таълим даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилоятида компания томонидан амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳалар қаторига Деҳқонобод туманидаги тоғли қишлоқларни ичимлик суви билан таъминлаш учун насослар ўрнатиш, Қарши шаҳридаги кўзи ожиз болалар мактаб-интернатини таъмирлаш, мактабларни жиҳозлаш ва таъминлаш, мактаб ўқувчилари учун робототехника синфи яратиш каби ишларни амалга ошириб келмоқда.
Компаниянинг Қашқадарёдаги энг йирик ижтимоий лойиҳаси – Қарши шаҳрида қурилаётган ихтисослаштирилган болалар боғчаси бўлиб, у юзлаб жисмоний имконияти чекланган болаларни малакали тиббий реабилитация қилиш имконини беради.
Бундан ташқари компания томонидан Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига совға сифатида Деҳқонобод туманидаги Откамар қишлоғи аҳолисига автомобиль йўли бўйлаб пиёдалар йўлакчаси қурилиб, қишлоқ болаларининг мактабга хавфсиз ва қулай қатнашларида имкон яратилди. Шунингдек компания вакиллари мактаб ўқувчилари учун янги ўқув йили бошланиши билан ўқув-қуроллари ва сумкалар совға қилишни ҳам мўлжалламоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА