Ҳиндистон ва Марокашдан кейин Россия ҳам Туркиядан бензин сотиб олди
Россия тарихда илк бор Туркиядан бензин сотиб олди. Ваҳоланки, руслар кўп йил давомида ушбу мамлакатни хом нефть ва ёнилғи билан таъминлаб келган.
“Коммерсант” нашри хабар беришича, 50 000 тоннагача турк бензини ташийдиган биринчи танкер август ойи охирига қадар РФнинг Болтиқ бўйи портларидан бирига етиб келади. Ёнилғи Европа Иттифоқи, шунингдек Буюк Британия ва Швейцария санкцияси рўйхатидаги, Мерсин портидан юкланган “Wendrix” танкери томонидан ташилмоқда.
Таъкидланишича, бу Москва июль ойидан бери импорт қилган бешинчи жўнатма. Август ойи бошида Ҳиндистондан бензин ташийдиган биринчи танкер Мурманскда бўшатилди ва “Роснефт”га ярим тегишли “Vadinar” нефтни қайта ишлаш заводига йўналтирилди.
Россия Марокашдан ҳам бензин сотиб олган. Фақат жўнатманинг асл келиб чиқиши номаълум, чунки мамлакатдаги ягона нефтни қайта ишлаш заводи 2015 йил ёпилган.
Аввалроқ “Reuters” манбалари август ойида “Россия импорт ёнилғиси харидини 270 000 тоннагача оширади”, дея хабар тарқатган эди. Ушбу ҳажмнинг учдан бир қисми РФ нефтини чегирма билан сотиб олувчи Ҳиндистондан келади. Қолган юк Жанубий Корея ва Малайзия қирғоғи орқали кемадан кемага ўтказиладиган нефть маҳсулотидан иборат.
“NEFT Research” таҳлил агентлиги ташқи алоқалар директори Дмитрий Прокофьев ҳисоб-китобига кўра, маҳаллий бензин ишлаб чиқариш ҳозир истеъмолнинг атиги 65-75 фоизини қоплаяпти.
Саноат манбалари маълум қилишича, сентябрь ойида нефть ишлаб чиқарувчилар тақчилликни маҳаллий ҳисобдан қоплай олмайди. Энг ижобий башорат ёнилғи ишлаб чиқариш 10-15 фоиз ошишини кўрсатяпти, холос.
С.Раҳимов, ЎзА