Ҳиндистон 7 йил ичида биринчи марта Эрон нефтини сотиб олди
Кўп йиллик санкциядан сўнг Ҳиндистон дунёвий энергетика инқирози сабаб Эрон нефтини яна харид қила бошлади. Бу қадам минтақавий геосиёсатда янги босқичми?
Ҳиндистон Нефть ва табиий газ вазирлиги АҚШ ва Исроилнинг Ислом Республикасига қарши уруши оқибатида юзага келган глобал энергетика инқирози туфайли Эрон нефтини яна сотиб ола бошлаганини маълум қилди. Бу ҳақда “Kazinform” агентлиги ёзган.
Шунингдек, тўлов билан боғлиқ муаммо туфайли Эрон нефть танкери Ҳиндистондан Хитойга йўналтирилгани ҳақидаги хабар инкор этилди.
Миш-мишдан фарқли ўлароқ, хом ашё импорти учун ҳеч қандай тўлов тўсиғи учрамаган. Қолаверса, ушбу мамлакат Теҳрондан 44 000 тонна суюлтирилган газ ҳам олгани айтиляпти.
Дарвоқе, АҚШ санкцияси туфайли 2019 йил Эрондан Ҳиндистонга нефть етказиб бериш тўхтаган.
20 март куни Дональд Трамп маъмурияти денгизда Ислом Республикаси нефтини харид қилиш чекланиши назарда тутилган санкцияни 30 кунга бекор қилган. CNN манбаси Вашингтон энергия инқирози оқибатини юмшатиш учун шундай қадам ташлаганига эътибор қаратди.
Ҳиндистон 5 мартгача танкерларга ортилган Россия нефтини сотиб олиш учун вақтинча рухсат олди. Тегишли лицензия фақат Ҳинд диёрига кетаётган кемалар, шунингдек ҳинд компаниялари томонидан сотиб олинган хом ашёга дахлдор. АҚШ Ҳиндистонга РФ нефти хариди учун берган лицензия муддати 4 апрелда тугади.
Г.Сатторова, ЎзА