Ҳиндистон Эрон урушига қарамай нефть таъминотини …
Яқин Шарқдаги тангликка қарамай, Ҳиндистон август охиригача бўлган муддат учун нефть захирасини таъминлаб қўйди. Дунёда учинчи йирик истеъмолчи бундай барқарорликка қандай эришди?
Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракат сабаб хом ашё етказиб беришда узилиш кузатилаётган бир пайт Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводлари камида август ойи охиригача етадиган захирани шакллантиришга муваффақ бўлди. Соҳа экспертлари маълум қилишича, бунга сўнгги ҳафталарда Абу-Даби миллий нефть компанияси (ADNOC) ва бошқа сотувчилардан харид ҳажми кескин оширилиши эвазига эришилган. Дунёда хом ашё импорти ва истеъмоли бўйича учинчи ўринда турадиган ушбу давлат компаниялари “ADNOC”дан нефть ва суюлтирилган газ маҳсулотларини ҒОВ (free-on-board) шарти асосида, тўғридан-тўғри кемадан кемага юклаш орқали қабул қилиб олмоқда. Ҳозир Абу-Даби компанияси хом ашёни Фужайра омборлари, Зирку ва Дас ороллари, шунингдек Фужайра – Суҳар ҳамда Малайзия сув ҳавзасида кемадан кемага ўтказиш орқали таклиф қилмоқда, суюлтирилган газ эса асосан Суҳар портидан жўнатиляпти. Матбуотга баёнот бериш ваколати йўқлиги сабабли исмини ошкор қилмаган ҳинд заводларидан бири вакили корхонасида суюлтирилган газ камида июль ойи ўртасигача етиши, нефть таъминотида ҳам бирор муаммо йўқлигини таъкидлади.
Давлатга қарашли “Hindustan Petroleum Corp” (HPCL) компанияси август ойида етказиб бериш шарти билан БААдан 4 миллион баррель “Murban” нефти олди. Ушбу шартнома “Total Energies” компанияси савдо шўъбаси ҳисобланган “Totsa” ҳамда “Mercuria” трейдерлари орқали амалга оширилди. Бундай нефтнинг ҳар бир баррели июль ойидаги “Dated Brent” эталон нархига тахминан 40 цент устама билан баҳоланди. Бундан ташқари HPCL ўтган ҳафта кунига 180 000 баррель нефтни қайта ишлаш қувватига эга Ражастон заводи учун Бразилия ва Ғарбий Африкадан яна 2 миллион баррель хом ашё сотиб олган бўлса, “Indian Oil Corp” ва “Mangalore Refinery and Petrochemicals Ltd” каби йирик ишлаб чиқарувчилар ҳам сўнгги ҳафталарда тезкор спот тендери орқали фаол равишда нефть харид қилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА