Ҳашар – меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва ободлик рамзи
Айни пайтда мамлакатимизда яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити ва Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
Ҳашар анъанаси йиллар давомида сайқалланиб, аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остидаги тадбир кеча кун давомида юқори кайфият ва уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Бугун ҳам академия профессор-ўқитувчилари, ходимлари ҳамда бир гуруҳ талабалардан тузилган “Эковолонтёр ёшлар” томонидан умумхалқ ҳашари катта иштиёқ билан давом эттирилди.
Улар олий таълим муассасаси ҳудудида кенг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб борди. Ҳашар давомида ариқлар тозаланиб, дарахтлар оқланди. Гул кўчатларининг таглари юмшатилди. Чиқиндилар белгиланган ҳудудларга олиб чиқилди.
Ҳашар - элга ярашар, дейдилар. Ўзаро ҳамжиҳатлик, иноқлик асосида ташкил этилган хайрли тадбир натижасида академия ҳудуди, хизмат хоналари озода, шинам ва обод ҳолга келтирилди.

Умумхалқ ҳашари Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган яшилликка бурканган ажиб хиёбонда ҳам бўлиб ўтди. Хиёбон чиқиндилар, қуриган шох-шаббалардан тозаланди.
Ҳашар давомида академия вакиллари олий таълим муассасаси ва атроф-муҳит ободлиги ва тозалигига ўз ҳиссаларини қўшди.
Н.Усмонова, ЎзА