Ҳарбий хизматчиларнинг пенсияси оширилади
Ҳарбий хизматчиларнинг юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдаги ўрни ва фидойилиги алоҳида ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинади.
Ўтган йиллар давомида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг пенсия таъминотига оид масалалар мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаги ҳужжатлар асосида амалга ошириб келинган. Яъни, бу борада яхлит қонунчилик асослари мавжуд эмас эди.
Шундан келиб чиқиб, “Ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ва уларнинг оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Парламент қуйи палатаси мажлисида ушбу қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Депутат Козим Тожиевнинг қайд этишича, лойиҳа билан ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини давлат пенсиялари билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини қонун билан белгилаш, ушбу пенсияни тайинлаш шартлари, турлари, миқдорлари ва тартибига оид нормалар такомиллаштирилмоқда.
Ҳарбий хизматда 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ходимлар учун пенсиянинг базавий миқдорини аниқлашда иш ҳақининг ҳисобга олинадиган миқдорини 75 фоиздан 100 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, пенсия тайинлашда асос бўладиган пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини 10 бараваридан келиб чиқиб ҳисоблаш амалиётини 12 бараваридан келиб чиқиб амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада ногиронлик пенсияси, боқувчисини йўқотганлик пенсияси, пенсияларни ҳисоблаш, тайинлаш, тўлаш ва қайта ҳисоблаш билан боғлиқ масалалар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун компенсация тўловлари қамраб олинган.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасидаги нормалар ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА