Ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотига оид қонун ишлаб чиқилди (+видео)
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус тузилмалар ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси ҳарбий хизматчилар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
— Қонун лойиҳасида ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини давлат пенсиялари билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини қонун билан белгилаш, пенсия тайинлаш шартлари, турлари, миқдорлари ва тартибини аниқлаштириш назарда тутилмоқда, — дейди фракция аъзоси Қизилгул Қосимова. — Шу пайтга қадар ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотига оид масалалар турли қонуности ҳужжатлари, вазирлик ва идораларнинг қарорлари билан тартибга солиниб келинаётган эди. Эндиликда эса яхлит қонунга бирлаштирилмоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, пенсия таъминоти соҳасидаги муносабатларни аниқ тартибга солиш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида барқарор ва ягона механизмларни шакллантиришга хизмат қилади. Фракциямиз аъзолари лойиҳада кўзда тутилаётган нормалар партия Сайловолди дастури билан ҳамоҳанг эканига эътибор қаратди.
Йиғилишда фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Унинг қабул қилиниши ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, пенсия таъминоти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Лойиҳа депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yNQBlJ-iOyI" title="Harbiy xizmatchilarning pensiya ta’minotiga oid qonun ishlab chiqildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА мухбирлари