Аёл деганда нозик, ширин сўз, меҳрибон онажону, опа-сингилларимиз кўз ўнгимизда гавдаланади. Зотан, бугун улар нафақат нозик хилқат эгаси, балки жамиятда эркаклар билан бир сафда, ҳаттоки ҳарбий хизматда ҳам мардонавор фаолият юритмоқда.
Хусусан, Миллий гвардия тизимларида фаолият юритаётган хотин-қизларимиз ҳам турли йўналишлар бўйича хизмат олиб бориб, Ватан ҳимоясига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Улар ҳуқуқшунос, ҳарбий шифокор, олима, ҳарбий ўқитувчи, бухгалтер, психолог, спортчи, жамоат тартиби посбони, қўйингки бир сўз билан айтганда, тинчлик ва осойишталигимизни сақлашнинг фаол иштирокчиларидир.
Барча давлатларда Фахрий қоровул бўлинмаси ҳарбий элита ҳисобланади. Мамлакатимиз Фахрий қоровул батальони сафларидаги аёл ҳарбий хизматчилар ҳам бугунги кунда мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро миқёсдаги тадбирлар, хорижий давлат раҳбарларининг юртимизга ташрифи доирасидаги тантанали маросимларда миллий армиямизнинг тимсоли бўлмоқда.
Шунингдек, Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармасида ўз хизмат вазифасини ўтаётган аёл ходимлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки ҳамда юртимиздаги турли давлат идораларида ишончли қўриқловни амалга оширмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг асосини ёшлар ташкил этади ва уларнинг таълим-тарбияси бирламчидир. Бу борада умумтаълим мактабларига бириктирилган аёл инспектор-психологлар мактабларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, давоматни яхшилаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида “маҳалла еттилиги – мактаб – оила” занжири асосида манзилли ишларни йўлга қўйган.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, аёл ҳарбий хизматчилар ҳам она ҳисобланади. Шундай экан мамлакатимиз миллий армиясида хизмат қилиб, элу-юртнинг посбони ва қалқони бўлишни касб билган хотин-қизларимиз жасорат рамзидир. Улар вояга етказаётган болалар, тарбиялаётган ёшлар эса, албатта Ватаннинг садоқатли фарзандлари бўлиб улғайишади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DMkxuR0lAUM" title="Harbiy xizmatchi bo‘lish ayoldan kuch, sabr, chidam talab etadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Нигора Раҳмонова, ЎзА мухбири