Ҳарбий таълимда ҳамкорлик – ўзаро ишонч ва стратегик мақсадларни мустаҳкамлайди
Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳарбий таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Боиси, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳарбий таълимдир. Бугунги кунда Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикасидан келган офицерларнинг мамлакатимизнинг Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида таҳсил олаётгани ҳам бунинг амалий ифодасидир. Улар таълим жараёнида ҳарбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш билан бир қаторда, ўзаро тажриба алмашиб, касбий салоҳиятларини бойитмоқда.

– Жаҳон майдонида кескинлик ва турли хавф-хатарлар сақланиб қолмоқда, бундай шароитда тинчлик ва барқарорликни асраш, давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ишончни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети бошлиғининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Фарҳоджон Шерматов.
Университетнинг магистратура таълим йўналишида таҳсил олаётган хорижий тингловчилар билан учрашар экан, “Бир таълим масканида турли давлатлар вакилларининг таҳсил олиши келгусида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, ҳарбий хизматчилар ўртасида дўстона муносабатлар ва ҳамкасблик ришталарини мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратади”, деди генерал-майор.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2021–2026 йиллар давомида университетда 400 нафардан ортиқ хорижий ҳарбий хизматчи таҳсил олиш учун қабул қилинган. Бу эса Ўзбекистон ҳарбий таълим тизимига халқаро миқёсда қизиқиш ортиб бораётгани ҳамда университетнинг хорижий давлатлар билан ҳарбий таълим соҳасидаги ҳамкорлиги изчил кенгаяётганидан далолат беради.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА