Илм-фан ва ҳарбий таълим уйғунлиги
Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув марказида “Ҳарбий таълим тизимида илм-фан ва педагогик технологияларни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида республика миқёсида ҳарбий илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади ҳарбий таълим соҳасига замонавий инновацион технологияларни жорий этиш, педагогик ёндашувларни такомиллаштириш, шунингдек, етакчи хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш орқали истиқболли ечимларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Конференцияда 40 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.

Муҳокамалар жараёнида қўшинларни замон талабларига мос қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш, шу билан бирга, жангoвар ҳаракатларга тайёрлашнинг янги технологияларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, фавқулодда ҳолатларда қўлланилиши мумкин бўлган илмий ишланмаларнинг амалий аҳамияти муҳокама қилинди.

Тадбир давомида соҳа мутахассислари ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, амалий таклиф ва тавсиялар билдирди.
Конференциянинг амалий қисмида эса ихтирочилар томонидан ишлаб чиқилган миллий инновацион ғоялар ва синов машқлари намойиш этилди.
Бундан ташқари, мудофаа саноати корхоналари томонидан маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиб, илғор ишланмаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Конференция якунида ҳарбий таълим тизимига замонавий технологияларни кенг жорий этиш, миллий кадрларни тайёрлаш ва ушбу йўналишда стратегик ҳамкорликни кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА