Ҳар бир куб метр — назоратда
Қурилмалар батарея ва “Sim-карта” (“Gprs/gsm” модем) орқали маълумотларни биллинг тизимига автоматик узатади.
Бугунги кунда аҳоли истеъмолчиларида табиий газ сарфини аниқ ҳисобга олиш ва ҳисоб-китобларни такомиллаштириш мақсадида замонавий смарт газ ҳисоблагичларидан фойдаланилмоқда.

Наманган вилоятида алоқасида муаммо кузатилган газ ҳисоблагичлар “Hudud mobile” дастури орқали “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали мутахассислари томонидан аниқланиб, планшет ёрдамида ташхис қилинади.
Зарур ҳолларда батарея ёки модем алмаштирилиб, ҳисоблагичнинг биллинг тизими билан алоқаси қайта тикланади.

– Жорий йилнинг бошидан буён вилоятимиз бўйлаб 53 минг 118 та газ ҳисоблагичининг алоқасидаги муаммолар бартараф этилиб, 11735,5 м³ табиий газни дастурий ҳисобга йўналтиришга эришилди, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директори Иброҳимжон Мамаджонов. – Ушбу жараён газ сарфини аниқ ҳисобга олиш ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири