Ҳар бир чақириқ ортида инсон ҳаёти бор
Тез тиббий ёрдам хизматида ҳар бир дақиқа, баъзан эса сония ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шошилинч чақириқларга ўз вақтида етиб бориш, бемор аҳволини тўғри баҳолаш ва зарур тиббий ёрдам кўрсатиш соҳа ходимларидан юксак масъулият, билим ва касбий маҳорат талаб этади.
Наманган вилояти Учқўрғон тумани тез тиббий ёрдам хизмати жамоаси ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида фаолият юритмоқда.
Айни пайтда туманнинг 192 минг 800 нафар аҳолисига марказий бўлим ва ҳудудлардаги 10 та таянч пунктда фаолият кўрсатаётган 14 та сайёр бригада хизмат кўрсатмоқда. Жамоада 51 нафар шифокор, 168 нафар фельдшер ва ҳамшира, 71 нафар ҳайдовчи меҳнат қилади.
Хизмат ихтиёрида 14 та ихтисослаштирилган тез тиббий ёрдам автомобили мавжуд. Бўлим ва таянч пунктлар зарур дори-дармонлар билан марказлашган тартибда таъминланади.
Тез тиббий ёрдам ходимларининг кундалик фаолияти шошилинч чақириқлар, тунги навбатчиликлар ва кутилмаган вазиятлар билан боғлиқ. Бундай шароитда тажриба, тезкорлик ва масъулият муҳим аҳамият касб этади.

Учқўрғон тумани тез тиббий ёрдам хизматида 1996 йилдан буён навбатчи фельдшер бўлиб ишлаб келаётган Мунаввар Турсунова ана шундай тажрибали тиббиёт ходимларидан бири.
У 1994 йилда Чортоқ тиббиёт билим юртини тамомлаган. Ўттиз йиллик меҳнат фаолияти давомида турли мураккаб вазиятларда беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиб, бой тажриба орттирган. Уч фарзанднинг онаси, икки неваранинг бувиси бўлган Мунаввар Турсунова оила ва касб масъулиятини уйғун олиб бормоқда.
Жамоанинг яна бир вакили — навбатчи фельдшер Наима Юсупова ҳам 2012 йилдан буён ушбу хизматда меҳнат қилади. У ҳар бир чақириқда бемор аҳволини тўғри баҳолаш, зарур тиббий ёрдамни кечиктирмасдан кўрсатишга алоҳида эътибор қаратади.

Уч фарзанднинг онаси бўлган Наима Юсупова учун ҳам инсон саломатлигини асраш нафақат касбий бурч, балки ҳаётининг муҳим қисмига айланган.
Учқўрғон тумани тез тиббий ёрдам хизматида тажрибали мутахассислар ва ёш кадрлар ҳамжиҳатликда меҳнат қилиб, аҳолига ўз вақтида сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга интилаётир.
Зеро, ҳар бир чақириқ ортида инсон ҳаёти ва саломатлиги туради. Ана шу масъулиятни зиммасига олган тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнати алоҳида эътирофга муносиб.

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА