Тиббиёт: митти юракларга умид бахш этган амалиётлар
Юртимиз ва француз кардиожарроҳлари 9 нафар болани соғлом ҳаётга қайтарди.
Андижонлик Одилахон Умарова қизи Муштарийбонунинг дардига даво излаб, ўн уч йил мобайнида вилоятдан пойтахтга қатнаб юрди. Туғма юрак нуқсони билан дунёга келган қизалоқнинг илк операцияси кичиклигида Андижонда ўтказилган эди. Жорий йилда эса Болалар миллий тиббиёт маркази шифокорлари қизни яна бир бор мураккаб жарроҳлик амалиётидан ўтказиш зарурлигини айтади.
Одилахон опа бу кунни йиллар давомида кутган бўлса-да, болам операциядан эсон-омон чиқармикан, деган қўрқув ва хавотир билан уйига қайтди. Кўп ўтмай халқаро ҳамкорлик доирасида франциялик таниқли мутахассис билан биргаликда ноёб амалиёт ўтказилишини айтиб, марказ шифокорлари унга яна қўнғироқ қилди.
– Докторларимиз жуда яхши, меҳрибон инсонлар экан, – дейди беморнинг онаси Одилахон Умарова ҳаяжонини яшира олмай. – Мени излаб топишиб, яна телефон қилиб: “Ҳаракат қилинг, онаси, болага умид бор. Франциядан доктор Барон келяпти, албатта кўригидан ўтинг”, дея ишонч беришди. Умид билан келдим. Ҳозир ҳам ҳаяжондаман – қизим операциядан жуда яхши чиқди, соғлом ҳаётга қайтди. Аввало, халқимиз саломатлиги йўлида мана шундай эзгу сиёсатни олиб бораётган Президентимизга минг раҳмат!
Муштарийбону Болалар миллий тиббиёт марказида хорижлик мутахассислар иштирокида операция қилинган ягона бемор эмас. Ўтган ҳафта мобайнида марказ кардиожарроҳлари Франциянинг Нант шаҳридан келган таниқли мутахассис Оливье Барон билан биргаликда 9 та ўта мураккаб юрак жарроҳлиги амалиётини ўтказди. Марказ мутахассисларининг таъкидлашича, беморларнинг барчасида юрак нуқсони оғир шаклда бўлган. Эътиборлиси, бугун уларнинг барчаси муваффақиятли якунланиб, болажонларнинг аҳволи яхшиланмоқда.
Шубҳасиз, бундай юксак савиядаги ноёб амалиётлар ўз-ўзидан, тасодифан амалга ошаётгани йўқ. Бунинг замирида мамлакатимизда сўнгги йилларда болалар тиббиётини тубдан ислоҳ қилиш, келажагимиз эгаларига ихтисослаштирилган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айлангани мужассам. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 8 ноябрдаги тегишли қарори билан болалардаги мураккаб юрак нуқсонларини замонавий, илғор усулларда операция қилишни тизимли ташкил этиш белгилаб берилган эди.
Бугунги кунда Болалар миллий тиббиёт маркази нафақат юртимизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида энг илғор тиббий технологиялар билан жиҳозланган нуфузли клиникага айланди. Бу ерда дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари билан йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик натижасида илгари фақат хорижий давлатларда ўтказилган энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда ўзимизда, маҳаллий шифокорлар томонидан муваффақиятли бажарилмоқда.
– Франциянинг Нант университети клиникасидан келган юрак жарроҳи Оливье Барон билан бирга бир нечта оғир юрак нуқсонларини операция қилдик, – дейди Марказнинг юрак жарроҳлиги бўлими мудири Отабек Каримов. – Ҳозирги пайтда хорижлик ҳамкасбларимиз билан ёнма-ён, елкама-елка ишлаб, мана шундай мураккаб амалиётларни муваффақиятли бажаряпмиз. Бизга яратиб берилган шароитлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз. Илгари бундай юқори технологик амалиётларни фақат орзу қилган бўлсак, бугун марказимизда барча замонавий ускуналар ва имкониятлар тўлиқ яратилган.
Операция қилинган болалар орасида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидан келган Диёрбек Рустамов ҳам бор. Онасининг айтишича, у 10 ёшидан кейин юрагида санчиқ сезиб, шифокор кўригига олиб келинган. Чуқурлаштирилган текширувларда болада туғма юрак нуқсони борлиги аниқланган.
– Президентимиздан, шифокорларимиздан ва бизга ёрдам берган барча инсонлардан чексиз миннатдормиз, – дейди Диёрбекнинг онаси Маҳлиё Эргашева. – “Операцияни ўзимиз ўтказиб берамиз”, дея шифокорларнинг ўзлари қўнғироқ қилиб, чақиришди. Келдик, Аллоҳга шукр, амалиёт муваффақиятли ўтди. Ҳозир ўғлимнинг аҳволи жуда яхши, у соғлом ҳаётга қайтди. Бундан ниҳоятда хурсандмиз.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда болалар кардиожарроҳлигини ривожлантириш борасидаги эзгу ишлардан кўзланган пировард мақсад мураккаб юрак операциясига муҳтож болаларга халқаро стандартлар даражасидаги тиббий ёрдамни юртимизнинг ўзида кўрсатиш, минглаб оилалар қалбига умид, эртанги кунига ишонч бахш этишдан иборат. Бугун бу ишончни Муштарийбону ҳамда Диёрбек каби фарзандларимизнинг порлоқ нигоҳида, уларнинг ота-оналари шукрона билан қўл очиб, шифокорларимиз ва давлатимиз раҳбари ҳақига қилаётган самимий дуоларида яққол ҳис қилиш мумкин.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА