Ўзбекистон тиббиёти: инновациялар ва халқаро ҳамкорлик
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов 40 га яқин тиббий ассоциациялар ҳамда жамиятлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида Президентимизнинг жорий йил 27 октябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан ўтказган учрашувида белгилаб берилган топшириқлар ижроси ҳамда тиббий ассоциацияларнинг соҳани ислоҳ қилишдаги ўрни ва фаоллигини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
***
“Techstars Startup Week” доирасида UzVC ва Domino Ventures ҳамкорлигида ташкил этилган «Pharma Meets Startups» тадбирида фармацевтика компаниялари, стартаплар ҳамда илмий-тадқиқот ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган панель муҳокамаси бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларига инвестициялар жалб қилиш, бизнес ва илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда инновацияларни тартибга солиш талаблари асосида амалиётга жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва «Life Sciences» йўналишида стартаплар экотизимини ривожлантириш, халқаро ҳамкорларни жалб этиш орқали рақобатбардош инновацион маҳсулотлар яратиш салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.
***
Миллий тиббиёт марказига МДҲ Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик кенгаши аъзоларидан иборат Тожикистон Республикаси делегацияси ташриф буюрди. Мамлакат соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг ўринбосари, бош давлат санитария шифокори Абдулҳолик Амир Амирзода бошчилигидаги делегация таркибидан вазирликнинг халқаро алоқалар бўлими, давлат санитария-эпидемиология назорати хизмати ҳамда онкология, эндокринология ва профилактик тиббиёт муассасалари раҳбарлари ўрин олган.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва тиббиёт йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Ташриф доирасида меҳмонлар Миллий тиббиёт маркази фаолияти, унинг замонавий тиббий имкониятлари ва йўлга қўйилган хизматлар билан яқиндан танишди.
***
Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуасида 25-27 ноябрь кунлари бўлиб ўтаётган «Tashkent International Tourism Fair-2026» халқаро туризм кўргазмасида Миллий тиббиёт маркази жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Тадбирда муассасанинг тиббий туризм йўналишидаги салоҳияти, замонавий тиббий хизматлари ҳамда хорижий беморлар учун яратилган қулай имкониятлар намойиш этилмоқда.
Кўргазма доирасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, тиббий туризм соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш ва Ўзбекистон тиббиётининг ютуқларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
***
Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасида учрашув бўлиб ўтди. Идора раҳбарияти билан ўтказилган расмий мулоқотда «Жамоат саломатлиги» лойиҳасининг амалга оширилиш жараёни, эришилган натижалар ҳамда мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Ташриф давомида лойиҳанинг маҳаллий координаторлари ва семинар машғулотлари тренерлари билан ҳам мулоқот ташкил этилди. Мазкур учрашувлар халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, лойиҳа самарадорлигини баҳолаш ҳамда мамлакатимизда жамоат саломатлиги тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА