Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистоннинг жаҳон маданий харитасидаги нуфузини юксалтириш, замонавий санъат, тарихий мерос, креатив иқтисодиёт ва туризм уйғунлигини таъминлаш орқали мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшиш, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига ва “Ижодкор шаҳарлар тармоғи” дастурига кирган, асрлар давомида илм-фан, меъморчилик, ҳунармандчилик ва санъат маркази бўлиб келаётган кўҳна Бухоро шаҳрининг ўрни ва аҳамиятини
янада ошириш мақсадида қарор қиламан:
1. 2025 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта сентябрь-ноябрь ойларида Бухоро шаҳрида халқаро замонавий санъат биенналеси (кейинги ўринларда – Биеннале) ўтказиб борилсин.
2. Биринчи Биеннале 2025 йил 5 сентябрь – 20 ноябрь кунлари юқори савияда ўтказилсин.
3. ҚуйидагиларБиенналенинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
а) мамлакатимизда замонавий ва амалий санъат, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда глобал маданий маконга интеграция қилиш;
б) креатив индустрияда таълим, тадқиқот ва касбий маҳоратни ривожлантириш, юртимиз вакилларининг жаҳонга машҳур уста-ижодкорлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш орқали халқаро даражага олиб чиқиш;
в) юртимиз туристик жозибадорлигини ошириш, маданий мерос объектларини санъат намойиши майдонларига айлантириш, мунтазам қайта ташриф буюришга бўлган қизиқишни шакллантириш.
4. Халқаро замонавий санъат биенналесига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) тузилсин, шунингдек, унинг таркиби ва асосий вазифалари 1- ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилаб қўйилсинки, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) Ташкилий қўмитанинг ишчи органи ҳисобланади.
6. Белгилансинки, биринчи Биеннале доирасида қуйидагилар амалга оширилади:
а) Биеннале ўтказиладиган 14 та маданий мерос объектини кўргазма ва тадбирлар, таълим ва тадқиқот, ижодиёт ва ишлаб чиқариш жараёнлари уйғунлашган креатив кластерга айлантириш;
б) жаҳонга машҳур уста-ижодкорлар томонидан 60 тадан кўп арт-объект, шу жумладан, инсталляцияларни яратиш, улардан Биеннале ўтказиладиган жойни бадиий безашда фойдаланиш ва уларнинг энг муносибларини дунё бўйлаб кўргазмаларда намойиш этиш;
в) дунёга таниқли ижодкор, мутахассис ва ошпазлар иштирокида кенг жамоатчилик учун 10 ҳафталик илмий-маърифий, маданий-кўнгилочар, сайёҳлик ва гастрономик дастурларни ташкил этиш;
г) биринчи Биеннале махсус каталоги ва ўзбек миллий таомлари рецептлар китоб-альбомини чоп этиш, улардан халқаро миқёсдаги тарғибот воситаси ва совғалар тўплами сифатида кенг фойдаланиш;
д) Бухоро Биенналеси ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, шунингдек, ундан фойдаланиб мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш;
ж) махсус таълим дастури асосида халқаро даражадаги кураторларни тайёрлаш ҳамда уларнинг жаҳоннинг етакчи санъат майдонларида Ўзбекистон номидан иштирок этишини таъминлаш; з) 30 нафардан ортиқ халқаро эксперт, куратор ва санъатшунослар иштирокида халқаро академик симпозиумни ўтказиш.
7. Қуйидагилар:
а) Халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказиладиган моддий маданий мерос объектлари (кейинги ўринларда – Биеннале объектлари) рўйхати 3-иловага мувофиқ;
б) Халқаро замонавий санъат биенналесига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбалари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Белгилаб қўйилсинки, Биеннале объектларида:
а) лойиҳалаштириш ва асрашга доир ишлар бўйича Маданий мерос агентлиги буюртмачи ҳисобланади;
б) хорижий таниқли мутахассислар билан ҳамкорликда алоҳида концепция ва дизайн асосида объектларни бадиий ёритиш ва асрашга доир ишларни ташкил этиш, инфратузилмаларини яхшилаш, шунингдек, Тасвирий санъат музейининг янги экспозициясини яратиш чоралари кўрилади.
9. Белгилансинки, Биеннале доирасида 2025 йил 31 декабрга қадар Жамғарма ва Маданий мерос агентлиги томонидан шакллантириладиган рўйхатларга асосан ва улар белгилаган субъектлар томонидан импорт қилинадиган техника, жиҳоз, асбоб-ускуна, санъат асарлари ва уларнинг қисмлари, ашёлар ва бошқа товарлар божхона божидан озод этилади.
10. Вазирлар Маҳкамаси уч кун муддатда биринчи Биенналега тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси, молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда харажатлар сметасини тасдиқласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Г.О. Умерова ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Б.К. Зарипов белгилансин.
13. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2025 йил 21 август