Халқаро юк ташишда рақамли трансформация: eTIR тизими жорий этилмоқда
Жаҳон савдоси ва транспорт-логистика соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий этиш халқаро юк ташувларини тезлаштириш, божхона расмийлаштирувини соддалаштириш ҳамда давлатлар ўртасидаги ахборот алмашинувини самарали ташкил этишнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Шу мақсадда Божхона қўмитасида БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (UNECE) ҳамкорлигида халқаро юк ташиш жараёнларини рақамлаштиришга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Тадбирда машғулотларни UNECE ТIR котибияти мутахассиси Сами Ганми ҳамда Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи (IRU) вакили Вахтанг Зарандия олиб борди. Семинар давомида иштирокчиларга eTIR тизимининг ишлаш механизми, унинг халқаро юк ташишдаги афзалликлари, рақамли божхона хизматларини ривожлантиришдаги ўрни ҳамда Ўзбекистонда миллий eTIR иловасини жорий этишнинг амалий жиҳатлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Мутахассислар eTIR халқаро тизими орқали турли давлатлар божхона органлари ўртасида электрон маълумот алмашиш механизмлари, юкларни кузатиб бориш имкониятлари ва тизимни амалиётга татбиқ этишнинг техник ечимлари юзасидан фикр алмашди. Таъкидланишича, мазкур тизим ҳужжат айланишини рақамлаштириш, божхона расмийлаштируви муддатини қисқартириш ва инсон омилини камайтириш орқали ташқи савдо жараёнларини янада самарали ташкил этиш имконини беради.

Семинар доирасида, шунингдек, eTIR миллий иловасини Ўзбекистон божхона ахборот тизимига интеграция қилиш, божхона ходимларини янги рақамли муҳитда ишлашга тайёрлаш ҳамда уни амалда қўлланилаётган «E-Tranzit» ахборот тизими билан ўзаро боғлаш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, халқаро стандартларга мос рақамли ечимларни жорий этиш мамлакатнинг транзит салоҳиятини юксалтириш, ташқи савдо операцияларини соддалаштириш, юк ташиш жараёнларининг шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро транспорт йўлакларидаги рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА