Бугунги кунда дунёда 200 дан ортиқ давлат мавжуд бўлса, миллатлар ва элатлар сони бир неча юзни ташкил қилади. Аммо саноқли миллатларгина ўз миллий спортини жаҳон майдонига олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Қувонарлиси, улар қаторида ўзбек миллати ҳам бор. 1998 йил 6 сентябрь санасида ўзбекнинг ори ва ғурури бўлган Кураш спорт тури жаҳонга юз тутган бўлса, 2025 йил 15 июлда яна бир ўзбек миллий спорт тури Турон бўйича халқаро федерация расман рўйхатдан ўтди.
Нью-Йорк штати департаменти ITF (International Turon Federation), яъни Халқаро Турон федерациясини дунёнинг энг йирик агломерацияларидан бирида рўйхатга олди. Бу эса 2025 йил15 июлдан Халқаро Турон федерацияси расман ташкил топганини билдиради.
Шу ўринда савол туғилиши мумкин: нега Халқаро Турон федерациясига айнан Нью Йорк шаҳрида асос солинди?
“Нью-Йорк бугунги кунда дунёнинг энг йирик сиёсий, молиявий ва маданий марказларидан бири. АҚШда Бирлашган Миллатлар ташкилоти (БМТ), НАТО, Бутунжаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси каби ўнлаб инсоният тақдирида муҳим ўрин тутадиган ташкилотлар жойлашган. Қолаверса, бу ерга бориш барча инсонларнинг орзуси. Шуларни инобатга олган ҳолда Халқаро Турон федерацияси бош қароргоҳини Нью-Йорк шаҳрида очишга қарор қилинди”, – деди Халқаро Турон федерациясининг Жамоатчилик билан алоқалар ва медиа бўйича Вице-президенти Отабек Эшмаматов.
Шунингдек, О.Эшмаматов энди иш бошлаган мазкур Халқаро федерациянинг галдаги амалга ошириши лозим бўлган асосий вазифаларини ҳам санаб ўтди. Унинг маълум қилишича, Турон спорти қоидаларини халқаро талабларга мос равишда қайта кўриб чиқиш ва зарур бўлса баъзи ўзгаришлар киритиш, федерация бошқарув органини шакллантириш, ITFнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларини яратиш ва тарғибот ишларини янада кучайтириш, қолаверса қисқа муддатларда Турон спортининг ватани бўлмиш Ўзбекистонда тарихий биринчи Жаҳон кубоги мусобақасини ўтказиш Федерация раҳбарияти олдида турган навбатдаги вазифалар экан.
“Буёғига енг шимариб ишга киришамиз. Мақсадимиз эса олий - ўзбекнинг миллий спорти орқали уни жаҳонга янада танитишдан иборат. Бу йўлдабиз билан елкадош бўлишни истаганлар учун ҳамиша қучоғимиз очиқ”, – деди О.Эшмаматов.
Ш.Отабоев, ЎзА