Халқаро самбо федерацияси ишчи гуруҳи Тошкентда
Хабарингиз бор, жорий йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида самбо бўйича 50-жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли турнирнинг мамлакатимизга ишониб топширилиши Халқаро самбо федерацияси (FIAS)нинг юртимизга бўлган юксак ишонч намунасидир.
Куни кеча жаҳон чемпионати олдидан олиб борилаётган тайёргарлик билан танишиш мақсадида Халқаро самбо федерациясининг ишчи гуруҳи Тошкентга келди.
Халқаро самбо федерацияси президенти аппарати раҳбари Олег Артёмюк, спорт директори Сергей Табаковлардан иборат Ишчи гуруҳ аъзолари юртимизда Жаҳон чемпионатини ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар билан танишиш асносида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов, Осиё-Океания самбо уюшмаси президенти Аламжон Муллаев, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов билан учрашди.
Мулоқот жараёнида FIAS мутасаддилари мусобақа ўтказиладиган арена, меҳмонхоналар ва бошқа бир қатор манзиллардаги тайёргарлик ишларига юқори баҳо берди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жаҳон чемпионати мусобақалари 6-8 ноябрь кунлари Тошкентдаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида ўтказилади.
Т.Рўзиев, ЎзА