Дунёнинг энг кучли самбочилари Тошкентда жаҳон чемпионлиги учун курашмоқда
Бугун, 6 ноябрь куни пойтахтимиздаги "Олимпия шаҳарчаси" спорт майдонида самбо бўйича катталар ўртасидаги 50-жаҳон чемпионати бошланди.
100 га яқин мамлакатдан 700 нафарга яқин спортчилар иштирок этаётган жаҳон чемпионатининг бугунги беллашувларида спорт самбосида эркаклар -58, -79 килограммда, аёллар -50 килограммда, жанговар самбода эркаклар -64, -88 килограммда, аёллар +80 кило оғирликда, шунингдек, кўзи ожиз эркак спортчилар ўртасида -64, -79, -98 килограммда, қизлар -50 ва -59 килограммда ғолиблик учун кураш олиб боришади.
Кеча мазкур жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистон Республикаси Cпорт вазирлиги биносида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Халқаро самбо федерацияси (FIAS) президенти Василий Шестаков, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, самбонинг жаҳондаги элчилари, спорт афсоналари Фёдор Емеляненко ва Ислам Махачев, Осиё самбо иттифоқи президенти Аламжон Муллаев ҳамда Ўзбекистон самбо ассоциацияси раҳбари Алишер Алимов жаҳон чемпионатининг аҳамияти, мусобақага тайёргарлик жараёнлари, ташкилий масалалар ҳамда халқаро турнир доирасида амалга ошириладиган тадбирлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда яратилган шарт-шароитлар, қисқа фурсатда бунёд этилган замонавий спорт мажмуалари жаҳонда спорт ҳаракатининг оммалашишига ижобий таъсир кўрсатаётганини эътироф этди.

Самбо бўйича тарихий 50-жаҳон чемпионатининг Тошкентда ташкил этилаётгани мазкур спорт турининг халқаро ривожида беқиёс аҳамият касб этаётганини айтиб ўтди.
Анжуманда қатнашган афсонавий самбочилар Фёдор Емеляненко ва Ислам Махачев журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида ўзбек спортида қисқа фурсатда юз берган глобал ўзгаришлар, янгиланишлар, спортчиларга яратилган шарт-шароит ва эътибор ҳар қандай давлат ўрганса, андоза олса арзишини билдирди.

Жаҳон чемпионатининг бугунги беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Илҳом Пармонов, Шоҳжаҳон Темиров, Баҳодир Боқиев, Мирзатилла Эгамназаров, Севинч Исроилова ва Севара Саъдуллаева самбо ва жанговар самбо беллашувларида, Исоқ Абдураҳмонов, Лазиз Қаҳҳоров, Олмас Раимов, Чарос Ортиқова ҳамда Насиба Бобоқулова кўзи ожиз спортчилар ўртасидаги курашларда совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Мусобақалар 8 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА