Халқаро олимпиадада сурхондарёлик ўқувчилар ғолиб бўлди
Татаристон Республикасининг “Алабуга” махсус иқтисодий зонасида бўлиб ўтган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари халқаро онлайн чемпионати финал босқичида Сурхондарё вилояти ўқувчилари ғолибликни қўлга киритди.
Бу ҳақда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Мусобақада Ўзбекистон делегациясининг 11 нафар финалчиси иштирок этиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди. Уларнинг 10 нафари сурхондарёлик ёшлардир. Молиявий саводхонлик ва тадбиркорлик асослари бўйича махсус платформа орқали иштирокчилар билими синовдан ўтказилган баҳсда Денов туманидаги 74-мактаб ўқувчилари Аннурбек Гайбуллаев фахрли биринчи, Асадбек Аброров иккинчи ва Абубакир Асадуллаев учинчи ўринни эгаллади.
Маълумотларга кўра, вилоятнинг мактаб ўқувчилари жорий йилда ўтказилган фан олимпиадаларида мамлакатимиз миқёсида 14-ўриндан 4-ўринга кўтарилди. Улар дунёнинг турли давлатларида бўлиб ўтган фан олимпиадаларида ҳам совринли ўринларга сазовор бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири