
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманганда қизғин тус олган 62-Халқаро гуллар фестивали доирасида “Фарғона водийсида туризм: янги Ахсикент туризм марказини яратиш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда дунёнинг қатор мамлакатларидан ташриф буюрган тарихчи олимлар, соҳа мутахассислари, хорижлик экспертлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирни вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов кириш сўзи билан очиб, ушбу анжуман янги ғоя ва ечимлар учун майдон вазифасини бажаришини таъкидлади.
– Вилоятимиз бой тарих, маданий мерос ва ноёб табиий ресурсларга эга, - деди вилоят раҳбари. – Ундан самарали фойдаланиш минтақада сайёҳлик хизматларини бир неча баробарга кўпайтиради. Туризм соҳасини вилоят иқтисодиётининг асосий драйвери сифатида ривожлантириш эса янги иш ўринларини яратиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, халқаро ҳамжамият эътиборини минтақага қаратишга хизмат қилади.
[gallery-12101]
Тошкент давлат Шарқшунослик университети ректори, профессор Гулчеҳра Рихсиева, ЎзФА Миллий археология маркази бўлим бошлиғи, профессор Абдулҳамид Анорбоев, АҚШлик олим, эксперт, “Дўстлик” ордени соҳиби Марк Риз, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги туризм ва маданият элчиси, жаҳонга машҳур дизайнер Риту Бери, GIZ ташкилоти раҳбари Беате Ранди ўз маърузасида туризм ривожида Ахсикент каби ноёб археология ёдгорлигининг ўрни ва аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.
Вилоят ҳокими хорижлик меҳмонлар билан нафақат туризм, балки унга ёндош соҳалар – сервис, тил ўргатиш ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик масаласини келишиб олди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Давлатобод туманидаги “Ёшлар зиё маскани”, Ахсикент археология мажмуаси ҳамда Ахси саййидлари илмий-маърифий, меъморий мажмуасига ташриф буюрди.
Камола ЮСУПОВА, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА.