Халқаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Беларусь миллий техника университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Сергей Харитончик бошчилигидаги делегация Андижон машинасозлик институтида бўлди.
Беларусь миллий техника университети QS World University Rankings олий ўқув юртлари халқаро рейтингида ТОП-1000 таликдан ўрин эгаллаган, Беларусь Республикасида “миллий” мақомига эга ягона олий ўқув юрти ҳисобланади.
Айни кунда университет 16 та факультет, 9 та коллеж, 6 та институт ва 32 та илмий-тадқиқот лабораториясига эга бўлиб, 23 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олади.
Мазкур университет Андижон машинасозлик институти билан 2018 йилдан буён икки томонлама ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, шу давр мобайнида профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинуви ташкил этилди, қатор илмий лойиҳалар амалга оширилди, халқаро конференциялар ўтказилди, бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича қўшма таълим дастури йўлга қўйилди.
[gallery-18691]
Университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Сергей Харитончик бошчилигидаги делегация Андижон машинасозлик институтида дўстона кутиб олинди.
Шундан сўнг, икки олий ўқув юрти раҳбарлари, мутасаддилари иштирокида келгусида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказилди.
Музокаралар давомида янги қўшма таълим дастурларини очиш, биргаликда илмий, таълим, спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш, талабалар алмашинувини, профессор-ўқитувчиларнинг стажировкаларини йўлга қўйиш, шунингдек, Беларусь миллий техника университети базасида Андижон машинасозлик институти талабалари учун ёзги, қишки мактаблар ташкил этиш ўтказиш, аспирантурада таҳсил олувчиларга илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда ёрдам кўрсатиш ва бошқа қатор ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Умуман, ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Учрашув давомида юқорида қайд этилган масалалар бўйича амалий ишларни бошлаш бўйича келишиб олинди.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар Андижон машинасозлик институти фаолияти, талаба ва ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари