ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Халқаро “Гуллар фестивали”га ташриф буюрган Россиянинг етакчи Синергия университети проректори Михаил Ерофеев билан учрашди. Бу фақат расмий ташриф эмас, балки икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Учрашув давомида замонавий касбий таълимни ривожлантириш, янги йўналишлар жорий этиш ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлашнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Иккала томон ҳам таълим орқали ёшларга кенг имкониятлар яратиш кераклигини алоҳида таъкидлади.
Таъкидланганидек, Наманганда фаолият юритаётган Синергия рақамли касблар техникуми талабалари яқинда бўлиб ўтган республика блокчейн-хакатонида совринли ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Учрашувда ушбу таълим масканида янги Мультипликация ва рақамли анимация йўналишини очиш режаси муҳокама қилинди. Бу – креатив санъат ва технологияни бирлаштирадиган замонавий, талаб юқори бўлган соҳалардан бири бўлиб, талабаларга ўз ижодий ғояларини реал форматда тасвирлаш имконини беради.
Шунингдек, фестивалда илк бор иштирок этаётган Ўмон Султонлигининг мамлакатимиздаги элчиси Вафо Жабр Нассер ал-Бусаидий хоним вилоят ҳокими қабулида бўлди.
[gallery-23606]
– Фестиваль бу қадар гўзал бўлишини тасаввур қилмаган эдим, - деди элчи хоним суҳбат чоғида. – Айниқса, “Афсоналар водийси” тематик паркидаги бетакрор манзара катта таассурот қолдирди. Бобур боғидаги композицияларни ҳам мароқ билан томоша қилдик.
Вилоят раҳбари меҳмонга ташриф учун миннатдорлик билдириб, фестиваль рамзи туширилган эсдалик совғаларини топширди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА