ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманганда дунё эътиборини ўзига жалб этган Халқаро “Гуллар фестивали” байрам кайфиятида давом этмоқда.
Фестиваль доирасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғда ташкил этилган жонли концерт дастури наманганликлар ва меҳмонларни ўзига чорламоқда. Саҳнада куй ва қўшиқлар, атрофда гуллар ифори ва одамларнинг юзида табассум.
[gallery-24149]
Бу йилги фестиваль ўзига хос катта байрам тусини олди. Ҳар йилгиданда бошқача шукуҳда ўтаётган тадбирларда қатнашиш истагидаги юртдошларимиз, айниқса, хорижий меҳмонлар сони кун сайин ортмоқда. Дастлабки статистик маълумотларга кўра, ҳозирга қадар айнан фестивалда иштирок этиш учун Наманганга 7 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Уларнинг 712 минги хорижий давлатлардан, 3 миллион 700 нафари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, шунингдек, вилоятнинг барча туманларидан 2 миллион 600 минг нафардан зиёд нафосат ишқибози келди.
Таъкидлаш керак, кўп сонли иштирокчиларнинг таклифидан келиб чиқиб, ташкилий қўмита томонидан 64-халқаро “Гуллар фестивали” даврийлигини яна 2 ҳафтага узайтиришга қарор қилинди.
Фестивалда ранг-баранг концерт дастурлари, миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг тадбирлар давом этмоқда. Асосийси, мафтункор ва бетакрор композициялар томошаси учун имконият янада кенгайди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА