Халқ қабулхонасида 200 га яқин фуқаро тингланди
Бир қарашда турлича туюлган мурожаатларнинг ортида битта умумий мақсад — муаммога ечим топиш истаги турибди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг навбатдаги шахсий қабулида 200 нафарга яқин фуқаронинг мурожаати эшитилди.
Қабулда фуқаролар уй-жой, ер ва кадастрдан тортиб, ижтимоий ҳимоя, ишга жойлашиш, тадбиркорлик, таълим ва коммунал хизматларгача бўлган масалаларни кўтарди.
Мурожаатлар орасида уй-жой, ер ва кадастр масалалари салмоқли ўринни эгаллади — бу йўналишда 73 та мурожаат келиб тушди. Ижтимоий ҳимоя, моддий ёрдам ва даволаниш бўйича 32 та, кредит ва тадбиркорлик масалалари юзасидан 26 та мурожаат қабул қилинди.
Шунингдек, ишга жойлашиш, таълим контракти тўлови, алимент ва иш ҳақини ундириш, ички йўллар, ичимлик суви ҳамда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам ўртага ташланди.

Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Гулистон шаҳри аҳолисига тўғри келди — 47 нафар фуқаро қабулда иштирок этди. Боёвут ва Мирзаобод туманларидан 23 нафардан мурожаатчи келди.

Қабул жараёнида масалани эшитиш билан кифояланилмади. Мурожаатнинг қанча вақтдан буён ҳал этилмаётгани, фуқаро аввал қайси идораларга мурожаат қилгани ва нима сабабдан натижа бўлмагани масъуллардан сўралди.


— Қабулда мурожаатларни фақат қайд этиш билан чекланиб қолмадик. Ҳар бир масаланинг келиб чиқиш сабаблари, қанча вақтдан буён ҳал этилмаётгани, фуқаро бу борада қайси идораларга мурожаат қилгани ва нега натижа бўлмагани атрофлича ўрганилди. Мурожаатларнинг ечимига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, ҳокимнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Манучеҳр Мирзаев.

Жойида ҳал этиш мумкин бўлган масалалар бўйича масъулларга топшириқлар берилди. Қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар юзасидан эса аниқ вазифалар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Шахсий қабулда билдирилган ҳар бир мурожаатнинг ортида муайян инсоннинг муаммоси тургани инобатга олиниб, масалаларни чуқур ўрганиш ва амалий ечим топишга эътибор қаратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири