Халқ қабулхонасида муаммоларга ечим изланди
Фуқароларнинг дарду ташвишини эшитиш, уларни қийнаётган муаммоларга амалий ечим топиш давлат идоралари фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Халқ қабулхонасида ўтказилган навбатдаги сайёр қабул ҳам ана шу тамойил асосида ташкил этилиб, 33 нафар фуқаронинг мурожаати атрофлича кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мирзаобод туманидаги Халқ қабулхонасида бўлиб ўтган қабулда туман ҳокими Абдураҳим Умаров иштирок этиб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилди. Очиқ ва самимий руҳда кечган учрашувда аҳолини қийнаб келаётган масалалар тингланиб, уларнинг ечими юзасидан аниқ чоралар белгиланди.


Қабул давомида жами 33 нафар фуқаро ўз мурожаатлари билан иштирок этди. Улар асосан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, доимий иш билан таъминлаш, моддий ёрдам ажратиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, коммунал хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда бошқа ижтимоий аҳамиятга молик масалалар юзасидан мурожаат қилди.

Мурожаатларнинг бир қисми қабул жараёнининг ўзидаёқ ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганишни талаб қилувчи масалалар бўйича эса мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди. Уларнинг ижросини таъминлаш ҳамда белгиланган муддатларда ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилиб, мурожаатлар назоратга олинди.

Таъкидланганидек, бундай очиқ мулоқотлар аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни жойида ўрганиш ва уларга тезкор ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати тургани инобатга олиниб, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири