Ҳафталик доирасидаги тадбирлар давом этмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси ахборот-кутубхона марказида “INFOLIB O‘ZBEKISTON–2026” XV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Бахтли Сарибаевнинг “Сырласыў” номли янги шеърий тўпламининг тақдимоти билан бошланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, Нукус давлат техника университети, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, Инновацион технологиялар университети Нукус филиали тюторлари ҳамда талаба ёшлар иштирок этди.

Тақдимотда ёш шоирнинг ҳаёти ва ижодий йўли, адабиёт майдонидаги изланишлари, шеъриятга бўлган муносабати ҳақида фикрлар билдирилди. Шунингдек, унинг янги шеърий тўпламининг мазмуни, унда акс этган инсоний туйғулар, ҳаёт ҳақиқати мушоҳадалари ва маънавий қадриятлар ҳақида сўз юритилди.

Тадбир давомида шоир шеърларидан бадиий парчалар ўқилиб, иштирокчиларга унинг поэтик олами билан яқиндан танишиш имконияти яратилди. Китобнинг номида ҳам чуқур маъно бор: бу юрак билан юракнинг учрашуви, инсоннинг ички ҳис-туйғуларининг бадиий сўз орқали акс этишидир.
Бундай адабий учрашувлар миллий адабиётимизни кенг тарғиб этиш, шоирлар ва ўқувчилар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш, ёшларнинг бадиий адабиётга бўлган қизиқишини оширишда муҳим ўрин тутади. Кеча сўнггида муаллиф томонидан янги китобларидан кутубхона фондига совға қилинди.

– Ҳафталик давомида “Очиқ эшиклар куни”, экскурсиялар, китоб кўргазмалари, олий таълим, ўрта махсус таълим муассасалари кутубхоначи ходимлари учун ахборот-кутубхона фаолияти бўйича семинарлар, маҳорат дарслари ва ўқув машғулотлари режалаштирилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси ахборот-кутубхона маркази илмий-методика хизмати бошлиғи Венера Танирбергенова. – Шунингдек, “Замонавий техникум ва коллеж кутубхонаси: рақамли имкониятлар, электрон ресурслар ва инновацион хизматлар”, “Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона марказида янги усуллар ва тажрибалар” мавзуларида семинарлар, “Китобхон оналар куни” муносабати билан “Китобхон она” давра суҳбати, халқаро ахборот кунига “Медиа ва жамият” библиографик шарҳ, “Маънавият соати” доирасида “Мен ўқиган китоб” мавзусида давра суҳбати ташкил этилади.
Шу билан биргаликда ҳафталик доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (Миллий кутубхона) ва Бухоро вилояти Ахборот-кутубхона маркази томонидан ZOOM орқали “Betgerxonlik – 2026” - “Кутубхона – мутолаа ва тафаккур маркази: рақамли даврда китобхонлик маданиятини ривожлантириш” мавзусида илмий конференция, “Ахборот-кутубхона ресурсларини тўғри ва сифатли рақамлаштириш”, “Ахборот-кутубхона муассасаларида библиографик фаолиятни ривожлантириш: тажриба, ҳамкорлик ва инновациялар”, “Нодир адабиётлар фондларини ташкил этиш, сақлаш ва ҳужжатларни реставрация қилиш тартиби бўйича соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш масалалари”, “Ахборот-кутубхона фондларини жамлаш хизматининг фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари”, “UÖK асосида ахборот ресурсларини тизимлаштириш: замонавий ёндашувлар ва амалий тажриба” мавзуларида семинарлар ўтказиш белгиланган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири