Озиқ-овқат маҳсулотлари таркиби бўйича миллий маълумотлар базаси яратилади
Тошкент давлат аграр университетида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ходимлари, соҳа мутахассислари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди.
Семинарда озиқ-овқат маҳсулотлари таркиби бўйича миллий маълумотлар базасини шакллантиришга қаратилган йўл харитаси атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур ташаббус аҳолининг овқатланиш маданияти ва озиқланиш хусусиятларини комплекс ўрганиш, шунингдек, соғлом овқатланишни тарғиб қилишга қаратилган илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқишни назарда тутади.
Ушбу йўналишдаги лойиҳа БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида амалга оширилмоқда.

Дастлабки босқичда миллий базага киритиладиган маҳсулотлар ва озиқ моддалар рўйхатини шакллантириш, мавжуд маълумотларнинг ишончлилик даражасини баҳолаш, шунингдек, қўшимча лаборатория таҳлилларини ўтказиш талаб этиладиган йўналишлар муҳокама қилинди.
Семинарда тақдим этилган 70 та илмий манба таҳлили натижаларига кўра, донли экинлар ва меваларнинг озуқавий таркиби бўйича маълумотлар нисбатан кенг ўрганилган. Бироқ, бир нечта масаллиқдан тайёрланадиган миллий таомларнинг озиқавий таркибига оид маълумотлар етарли эмаслиги ва бу борада қўшимча тадқиқотлар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА