9 ойда мурожаатларнинг қарийб 89 фоизи ижобий ҳал этилди
2026 йилнинг 9 ойи давомида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги марказий аппарати, тизим ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмаларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 15 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазири матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшана Умарова иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Унда таъкидланганидек, мурожаатларнинг асосий қисми ижтимоий ҳимоя, молия-банк соҳаси ҳамда уй-жой таъминоти билан боғлиқ. Хусусан, нафақа, моддий ёрдам ва пенсия тайинлаш, молиявий хизматлар, уй-жой субсидиялари каби масалалар фуқароларни энг кўп ташвишга солаётган йўналишлар қаторида.
Ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатларнинг қарийб 89 фоизи ижобий ҳал этилган. Қолган мурожаатлар юзасидан тушунтиришлар берилган, тегишли ташкилотларга юборилган ёки белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
–Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни таъминлаш мақсадида вазирлик раҳбарияти иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Ўтказилган 10 та сайёр қабул ва оммавий мулоқотда 327 нафар фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилди.
Фуқаролар билан тезкор мулоқотнинг яна бир муҳим воситаси вазирликнинг “Ишонч телефони” ҳисобланади. Тўққиз ой давомида унга 10,7 мингдан ортиқ қўнғироқ келиб тушган ва уларнинг деярли барчаси бўйича мутахассислар томонидан тегишли жавоб ҳамда тушунтиришлар берилган, – деди Р.Умарова.
Вазирлик томонидан мурожаатларни шунчаки кўриб чиқиш билан чекланмасдан, улар ортида турган тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу сабабли, 2026 йил 16 майда тегишли “Йўл харитаси” тасдиқланиб, аҳоли мурожаатлари таҳлили асосида соҳалардаги муаммоларни камайтириш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил этилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА