Жорий йилнинг апрель ойида ижтимоий тармоқлар орқали Мажбурий ижро бюроси томонидан айрим фуқароларга асоссиз қарздорлик ва тақиқ қўйилиши, ҳатто баъзи нафақадаги шахслар ҳам қарздор бўлиб қолаётганлиги ҳақида хабарлар ёритилди.
Мазкур ҳолатга Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов ойдинлик киритди.
Бугунги кунда Мажбурий Бюро фаолиятига замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилиб, “Mib Portal” дастури орқали 32 та ташкилотнинг 63 та йўналишдаги ахборот тизимларига интеграция қилинди.
Судлар ва 52 та маъмурий органдан ижро ҳужжатларини электрон тарзда қабул қилиш йўлга қўйилди ва бу орқали ҳужжатлар Бюро органларига электрон равишда, ўз муддатида келиб, ижро этиш имкониятини яратди.
Шунга қарамасдан баъзи ҳолларда суд органларидан келиб тушаётган ҳужжатларда қарздор ёки ундирувчилар ҳақидаги маълумотларда хатоликлар юзага келмоқда. Бу ижро этиш жараёнида фуқаролар томонидан эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Жумладан, ижтимоий тармоқларда мол-мулкка нотўғри тарзда тақиқ қўйилганлиги тўғрисида танқидий хабарлар ўрганилди.
Аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро судининг жорий йилдаги ижро варақасига асосан Рустам Хайрисламовдан "TOSHISSIQQUVVATI" ДУК.нинг фойдасига 1 миллион 251 минг сўм ундирилиши ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Юнусобод туман бўлимига келиб тушган.
Ижро ҳаракатлари даврида қарздор Р.Хайрисламов номига расмийлаштирилган мол-мулкларга «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 21, 86-моддаларига асосан нотариал ҳолатларни амалга оширолмаслик учун тақиқлар қўйилган.
Шу тарзда «Ҳусниобод» МФЙ, 2-даҳадаги хонадонда яшовчи Д.Эсонова томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширмаслик бўйича тақиқ қўйилишига сабаб бўлган.
Давлат ижрочиси томонидан ихтиёрий муддат бериш тўғрисидаги қарор ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга, яъни Юнусобод тумани, «Ҳусниобод» МФЙ, 2-даҳадаги хонадонларнинг бирига юборилганда, ушбу хонадон Д.Эсоновага тегишлилиги ва қарздор Р.Хайрисломовга алоқаси йўқлиги аниқланган.
Шундан сўнг Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг хатига асосан юборилган ижро ҳужжатига аниқлик киритилиши сўралганда, суд томонидан жавобгар Р.Хайрисламовга нисбатан сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори бўйича юборилган ижро ҳужжатида техник хатога йўл қўйилганлиги сабабли, ижро иши судга қайтарилишини маълум қилган.
Ҳозирда Д.Эсоновага тегишли бўлган мол-мулкка қўйилган тақиқлар бекор қилинган.
ЯНА БИР ҲОЛАТ...
Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг фуқаро Е.Пряснякова ҳисобидан “YUGNAKIY SERVICE” фойдасига 1 миллион 200 минг сўм қарздорлик, 13 минг 500 сўм почта харажати ва 270 минг давлат божи ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Бунда давлат ижрочиси томонидан ишни Бюрога юборишда зарур бўлган талаблар бузилганлиги сабабли (қарздорга тегишли хонадон рақами кўрсатилмагани) ижро иши судга қайтарилган.
Масалан, ижтимоий тармоқларда вояга етмаган 13 ёшар болага алимент қарздорлиги учун асоссиз тақиқ қўйилганлиги ҳақида танқидий хабар жойлаштирилди.
Аниқланишича, Бюронинг Миробод туман бўлими давлат ижрочиси томонидан қарздор Р.Аҳмедовдан М.Депутова фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича бошқа бир фуқаро – Д.Мусалимованинг вояга етмаган фарзанди 13 ёшли А.Темиргалиевга нисбатан тақиқ қўйилган.
Сўнг тақиқ бекор қилиниб, ижро учун тегишли идораларга юборилган. Ушбу ҳолатда давлат ижрочисининг масъулиятсизлиги сабаб унга нисбатан интизомий жазо қўлланилган. Ходим эса ўз ҳисобидан етказилган зарарни қоплаб беришини ҳам билдирган.
Ҳар бир ижро ҳужжати ортида инсон ҳамда жамият манфаатлари туради. МИБ ходимлари томонидан ижро ҳаракатлари даврида ҳамда тақиқ қўйиш масаласида масъулиятсизлик билан ёндашилган ҳолатлар бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.
МИБда фуқаролар учун янада қулайлик яратиш ва уларни ижро ҳаракатлари ҳақида хабардор қилиш мақсадида Telegram мессенжеридаги MibuzBot канали, мобиль воситасидаги MIB.UZ иловаси ва “SMS-Хабарнома» автомат тизими каби бир қатор электрон дастурий тизимлар татбиқ этилган.
Айнан, “SMS-Хабарнома» автомат тизим орқали фуқароларга юборилган хабарномалар сабабли ижро ҳужжатларидаги хатоликлар, асоссиз қарздорлик ва тақиқлар аниқланмоқда.
Асосийси, келгусида бу каби хато ва камчиликларга йўл қўймаслик борасида аниқ чора ва механизмлар ишлаб чиқилди:
- жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилган тақиқ ва чекловлар тўғрисидаги маълумотларни Бюронинг расмий “MIB.UZ” сайти, MIB.UZ мобиль иловаси орқали онлайн режимда олиш имконияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълонлар бериб борилмоқда;
- Интернет орқали келаётган хабарлар юзасидан расмий муносабатлар билдирилмоқда;
- мурожаатларни қабул қилиш ва тезкор қонуний ҳал этиш чораларини кўриш бўйича Бюрода Call Center (1107) ишлаши, бундан ташқари, ижро ҳужжатлари томонларга юборилган хабарномаларда ижро ишига масъул давлат ижрочиларининг мобиль телефон рақамлари кўрсатилиши йўлга қўйилди;
- ижро жараёнида йўл қўйилаётган хатоликлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан хизмат текширувлари ўтказилиб, уларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилмоқда;
- Олий суд ва Бюро ўртасида ҳамкорликни тўғри йўлга қўйиш, Бюрога юборилаётган ижро варақалари бўйича юзага келадиган ҳолатларни бартараф этиш, бу жараёнда фуқароларни асоссиз сарсон қилинишининг олдини олиш мақсадида қўшма кўрсатма имзоланиб, ижрога қаратилди.
Интернет тармоқларида МИБ фаолиятига доир маълумотларни жойлаштиришда бир томонлама ёндашилиб, амалдаги қонунчилик талаблари инобатга олинмаяпти.
Қонунчилик талабларига кўра, МИБга суд ва бошқа органлардан ҳужжатлар ижро этиш учун келади ва ижро ҳужжатига қўйилган талаблар бузилган бўлса, ижро ишини юборган органга юбориш чоралари кўрилади.
Дарҳақиқат, шуни унутмайликки, оммавий расмий сайтларда тарқатилаётган ахборотнинг ишончлилиги, материалларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш шартлиги қонунларимизда белгилаб қўйилган.
Шуҳрат НEЪМАТОВ, ЎзА