Бировдан олинган қарз ёки турли сабаблар туфайли юзага келган қарздорликни ўз вақтида қайтариш ёки бартараф этиш оддий инсоний бурч ҳисобланади. Бу бурчни бажармаслик ҳолатларида эса қонун ҳаракатга келади.
Яъни, қарздор ўз ихтиёри билан қарзини тўламаса, қонуний йўл билан мажбурий тартибда ундирилади.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 44-моддасига кўра, мажбурий ижро этиш чоралари тўғри расмийлаштирилган ижро ҳужжати қонунда белгиланган тартибда топширилганда ҳамда ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида давлат ижрочиси томонидан қарор қабул қилинганда қўлланилади.
Бундан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибида ижро ҳужжатларини ижро этиш ҳоллари мустасно.
Қонуннинг 45-моддасига кўра, ихтиёрий равишда ижро этиш учун давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатнинг ўтганлиги мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш учун асос бўлади.
46-моддага биноан мажбурий ижро этиш чоралари сифатида ундирувни қарздорнинг пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига, бошқа шахсларда турган пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига, дебиторлик қарзига, алоҳида мулкий ҳуқуқларга, иш ҳақи, стипендия, пенсия ва бошқа турдаги даромадларига қаратиш мумкин. Ижро ҳужжатида кўрсатилган муайян ашёларни қарздордан олиб қўйиш ва ундирувчига топшириш амалиёти ҳам қўлланилади.
Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан мазкур қонун талаблари асосида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилда иш юритувда 6 минг 941 номулкий турдаги ижро ҳужжатлари бўлиб, шундан 948 таси ноқонуний қурилмани бузиш, 1,5 мингдан зиёди уйга киритиш ёки чиқариш, 1,5 мингга яқини бола олиб бериш ёки бола билан учраштириш, 255 таси ишга тиклаш ва 3 мингга яқини бошқа номулкий турдаги ижро ҳужжатларини ташкил этган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида 2 минг 832 ижро ҳужжати бўйича якуний қарорлар қабул қилинган. Шундан 1,5 минг ижро ҳужжатининг ижроси амалда тамомланган.
Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг ижро варақасига асосан “Заргарлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган ноқонуний қурилган дўкон бузилиб, ер майдони ўз ҳолига қайтарилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ахборот хизматидан маълум қилишларича, бу каби ишлар вилоятларда ҳам изчил олиб борилмоқда.
Бюронинг Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимлари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорларнинг мулклари хатланган. Ижро талаби бажарилмаганидан кейин мулклар мусодара этилган.
Бундай мулклар эса савдо ярмаркалари ташкил этиш орқали сотилиб, тушган маблағ қарздорликларни қоплашга йўналтирилмоқда. Шундай ярмаркалардан бирида мусодара қилинган телефонлар арзон нархларда сотилди. Савдо аҳоли гавжум жойларда ўтказилиб, харидорларга тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилди.
Бюронинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан солиқ қарздорлиги сабабли хатланган газ қуйиш шохобчаси эндиликда электрон аукцион савдосига қўйилди.
Ҳозирда 14 миллиард 691 миллион сўмга баҳоланган ушбу шохобча бундай катта қарзга тушиб қолишига нима сабаб бўлгани очиқланмаган.
Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун, аввало, молиявий саводхонликни ошириш, бизнес юритишдаги хавф-хатарларни тўғри баҳолаш ва, зарур бўлганда, тегишли органлардан кўмак ва маслаҳат олиш мақсадга мувофиқ.
Бошқа бир ҳолатда эса Қўқон шаҳар электр таъминоти корхонаси Қўқон шаҳар сув таъминоти корхонасига бўлган 600 миллион сўмлик қарздорликни 5 кунлик муддатда ихтиёрий равишда қоплаб берди.
Ташкилотлар ўртасидаги муҳим молиявий масала бюро аралашуви билан муддатидан олдин ҳал этилди.
Бюронинг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан қарздор шахсга кредит қарздорлигини тўлаши зарурлиги ҳақида бир неча маротаба огоҳлантириш берилган. Бироқ қарздор ўз зиммасига олган мажбуриятини бажармаган ва белгиланган муддатларда тўловларни амалга оширмаган.
Суднинг ижро ҳужжатига мувофиқ, тадбиркор М.А.дан ундирувчи “Ўзсаноатқурилишбанк” фойдасига 148,4 миллион сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланди. Ижро ҳужжати талаблари ижроси таъминланиши учун бошқарма ходимлари қарздорга яна бир бор расмий равишда огоҳлантириш берди. Аммо у барибир қарзини тўлашдан бўйин товлади.
Шу сабабли, қонунчилик талабларига мувофиқ, жавобгарга тегишли бўлган Балиқчи туманидаги тураржой биноси хатланди. Ҳозирда мазкур хонадон 175 миллион сўм бошланғич қийматда электрон онлайн-аукцион савдосига қўйилди.
Айтиб ўтиш керакки, фуқаролар кредит мажбуриятларини ўз вақтида бажариши, уй-жой каби муҳим мулкларини йўқотишдан сақлайди.
Акс ҳолда, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорликнинг ошиб кетиши давлат бюджетига ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар молиявий фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Жиззах вилояти солиқ бошқармасининг “B.H” масъулияти чекланган жамиятидан ижро ҳужжатлари бўйича 324 миллион сўм солиқ қарзини ундириш бўйича ижро варақаси бюронинг Шароф Рашидов тумани бўлими иш юритувига келиб тушган.
Давлат ижрочилари томонидан қарздорнинг ҳисоб рақамларига банд солиниб, барча мол-мулкларига тақиқ ўрнатилган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли ишга тушмаган Метан заправка бино-иншоотлари хатланди.
Қарздорлик тўлиқ бартараф қилинмаган тақдирда, ушбу мулк аукцион савдосида сотилиб, тушган пул қарздорликка йўналтирилади.
Кўриниб турибдики, қарздан, мажбуриятдан қочиб қутилиб бўлмайди. Яхшиси, уларни ўз вақтида бартараф этган маъқул.
Норгул Абдураимова, ЎзА