Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрига кириб келган одам бирданига бу ердаги шиддатли ҳаётни, мисли кўрилмаган ўзгаришларни ҳис қилади. Янгиланиб бораётган йўллар, тикланаётган маҳаллалар, қад ростлаётган турар-жой мажмуалари, дўкон ва хизмат кўрсатиш масканлари, қурилиш майдонларидаги ҳаракат — буларнинг барчаси шаҳарнинг юксалиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан дарак беради.
Жорий йилнинг биринчи етти ойи натижалари ҳам шуни тасдиқлайди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 916,2 миллиард сўмга етди. Қурилиш-пудрат ишлари 565,1 миллиард сўмни, чакана товар айланмаси 1 триллион 256,7 миллиард сўмни, хизматлар кўрсатиш эса 2 триллион 113,1 миллиард сўмни ташкил этди. Ташқи савдо айланмаси эса 35,8 миллион долларга тенг бўлиб, шу жумладан экспорт 13,4 миллион, импорт 22,4 миллион долларни ташкил қилди.

Бу рақамлар ортида, энг аввало, одамлар турмуш даражасининг юксалиши, бозорларда турли хил маҳсулот ва хизматлар кўпайиши, янги иш ўринлари яратилиши каби ҳаётий ўзгаришлар мужассам.
– Ҳозирда Гулистонда 2 937 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Улардан 2 361 таси кичик бизнес ва микрофирмалар, 22 таси йирик тижорат корхоналари, 5 таси фермер хўжаликлари, қолган 549 таси эса турли йўналишларда иш олиб бормоқда, – дейди шаҳар ҳокими Жамолиддин Ҳожиманов.

Айниқса, оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш орқали шаҳар иқтисодий кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилашга муҳим қадам қўйилди. Президент қарори асосида жорий йил учун 17,9 миллиард сўм кредит ажратилган бўлса, шундан 12,7 миллиард сўми етти ой ичида 660 нафар фуқарога берилди. Эътиборлиси, бу маблағларнинг катта қисми ёшлар (4,3 миллиард сўм) ва хотин-қизлар (7,1 миллиард сўм) ҳиссасига тўғри келмоқда.
– Бу маблағлар туфайли янги лойиҳалар ва оилавий бизнес ташаббуслари кўпайди, – дейди шаҳар ҳокими. – Энг асосийси, янги иш ўринлари яратилаётгани, ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорликка қўшилаётгани — бу бизнинг энг катта ютуғимиз.

Гулистонда иш ўринлари яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 13 396 та янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, уларнинг кўп қисми амалга оширилди. Масалан, қурилиш соҳасида режадаги 688 иш ўрнидан 595 таси яратилди. Инвестициялар ҳисобига яна 1 168 та иш ўрни очилди. Ишсизликка қарши чоралар натижасида 2 654 ишсиздан 1 522 нафари доимий ишга жойлаштирилди. Шунингдек, йўлланмалар асосида 1 336 ишсиз иш билан таъминланиб, белгиланган режа 101 фоизга бажарилди.

– Иқтисодий ривожланишда микролойиҳаларнинг аҳамияти ҳам катта, – дейди Жамолиддин Ҳожиманов. – Жорий йилнинг саккиз ойида 631 та микролойиҳа амалга оширилиб, 1 404 та янги иш ўрни яратилди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 30,3 миллиард сўмни ташкил қилди. Улар асосан ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида амалга оширилиб, маҳаллий иқтисодиётга нафақат даромад, балки ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол иштирокини ҳам таъминламоқда.
Энг муҳими, Гулистон шаҳрида иқтисодиёт тобора ривожланмоқда. Инвестициялар, оилавий бизнес ва микролойиҳалар орқали яратилаётган янги иш ўринлари аҳоли бандлигини таъминлаб, камбағалликни қисқартириш, фаровонликни оширишга хизмат қилмоқда. Бу жараёнлар эса шаҳар аҳолиси учун янгидан-янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири