Гулистонни қовунлар ҳиди тутди
Сирдарёда халқаро миқёсдаги муҳим тадбир — “Сирдарёда бизнес қилинг” форуми доирасида Гулистон шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида “Қовун сайли” ва “Этно-фольклор” фестивали ўтказилди.
Қовун сайлида вилоятимизнинг миришкор бободеҳқонлари томонидан меҳр билан парваришланиб етиштирилган “Кўкча”, “Амири”, “Оби Новвот”, “Бўрикалла”, “Кампирчопон”, “Оқ ўруғ”, “Бўрикалла”, “Шакарпалак”, “Кўк каллапўш”, “Даҳбеди”, “Шерози”, “Тошлоқи”, “Гулоби”, “Баргинай” “Гурвак” каби 25 га яқин хушхўр навлар тақдим этилди.
– Сирдарёнинг агротуризм салоҳиятини, полизчилик тажрибасини кенг тарғиб этиш мақсадида Гулистон шаҳрида ташкил этилган “Қовун сайли”да етакчи фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кластерлари, бошқа корхона ва ташкилотларга ажратилган павильонларда вилоятда етиштирилаётган 20 дан ортиқ қовун навларининг кўргазма савдоси ташкил этилди, – дейди Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов. – “Этно-фольклор” фестивали доирасида эса концерт дастурлари, маданий-маърифий тадбирлар, амалий санъат кўргазмалари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий либослар кўргазмалари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, бадиий ва фольклор жамоаларнинг жонли ижрода чиқишлари ташкил этилди.
Мустақилликнинг 34 йиллиги олдидан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” эзгу ғояси асосида ўтказилаётган мазкур фестиваль чин маънода катта байрамга айланди.
Вилоятнинг туристик салоҳиятини оширишга қаратилган ушбу фестивалда ўтган йили 200 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий меҳмонлар иштирок этган бўлса, бу йилги тадбирларда 300 мингдан зиёд меҳмонлар қатнашиши кутилмоқда. Улар асосан форум доирасида вилоятга ташриф буюрган Россия, Хитой, Венгрия, Қозоғистон каби 20 дан ортиқ давлатларнинг расмий делегациялари аъзолари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва хорижий ишбилармон доира вакилларидир.
Бу йилги “Қовун сайли” да қатнашган ҳар бир туман учун алоҳида майдон тайёрланиб, ўша ҳудуд фольклор-этнографик ансамбллари дилтортар куй-қўшиқлари ва концерт дастурлари билан сайил иштирокчилари кўнглини хушлади.
Фестивалда ёшлар етиштирган маҳсулотларга ҳам кенг ўрин берилди. Улар тақдим этган полиз ва сабзавот маҳсулотлари кўзни қувонтиради.
– Жорий йилда Президентимизнинг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили бўйича 484 нафар ёшга 251 гектар ер майдони ажратилганди, – дейди Мирзаобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари Сирожиддин Кенжаев. – Уларнинг ерга ёндашуви ҳам бошқача бўлди. Ёшлар “Нима бўлар экан?” деб эмас, “Қандай қилиб сифатли маҳсулот етиштириб, даромад олиш мумкин?” деган савол билан ишга киришди. Шу мақсадда қовуннинг “Оқ уруғ”, “Оби новвот”, “Чиллаки”, “Босволди”, “Кўкча”, “Амири” каби бозорбоп навлари, шунингдек, шолининг “Аланга”, “Лазер”, “Авангард” навларини экишди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди. Қовундан мўл ҳосил олишди. Бу эса нафақат нарх-навони арзонлашишига, балки қовун маҳсулотларига бўлган талабни қондириш ва туман экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Полиз маҳсулотларини етиштиришда нафақат Мирзаобод, балки Оқолтин, Сардоба, Ховос туманларида ҳам катта тажриба мактаби яратилди. Бу қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва замонавий билимлар билан таъминлашнинг муҳим механизмига айланмоқда.
Оқолтинлик Камолиддин Хонтўраев бу йил 50 сотих ерда қовуннинг “Оби новвот” навидан мўл ҳосил олди. Унинг даромади ҳам шунга яраша бўлди. Бугунга қадар ушбу ер майдонидан 50–60 миллион сўм даромад олган бўлса, мавсум охиригача бу кўрсаткич 100 миллион сўмга етиши кутилмоқда.
– Туманимизнинг Янги ҳаёт маҳалласида 152 гектар ер майдони 352 нафар ёшларга 30–50 сотихдан тақсимланди. Молиявий имконияти чекланган ёшларга тижорат банклари орқали имтиёзли кредит ажратилди. У ерларда ёшларимиз қовуннинг экспортбоп навлари, шунингдек, бозорда талаб юқори бўлган картошка, пиёз ва бошқа турдаги экинларни экишди, – дейди "Янгиҳаёт" маҳалла фуқаролар йиғини ҳокими ёрдамчиси Ёрбек Мавлонов. – Уларга нафақат ер берилди, балки маҳаллий мутахассислар ва агрономлар бириктирилиб, ерни тайёрлаш, агротехник чора-тадбирларни амалга ошириш, улгуржи харидорларни топиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада ёшларимиз кутилганидан ҳам яхши натижаларга эришди.
– “Қовун сайли” фестивалига фермерларимизнинг пешона тери билан етиштирилган қовун навларидан 11, тарвуз ва ошқовоқ навларидан эса 4 тадан олиб келдик, – дейди Сирдарё тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зубайда Аҳмедова. – Бу полиз маҳсулотларини татиб кўрган ҳар бир киши уларнинг асаллиги ва ширинлигига тан бериши шубҳасиз.
[gallery-25089]
– Гулистонда, Алишер Навоий кўчаси бўйлаб ўтказилаётган қовун сайлини айланар экансан, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қиласан, – дейди Жиззахлик меҳмон Мурод Бекмуродов. – Бир-биридан номи ва кўриниши билан ажралиб турувчи қовунлардан бири асал таъмини, яна бири новвот таъмини беради. Ҳидини айтмайсизми, димоғни қитиқлайди. Шунингдек, шифобахшлиги бор. Уларнинг мағзида инсон саломатлиги учун фойдали витаминлар жуда кўп. Халқ табобатида улардан камқонлик, юрак-қон томир, жигар ва буйрак касалликларида, подагра ва ревматизмни даволашда ҳам фойдаланилади.
– Боёвут туманининг Янги авлод маҳалласида тураман, – дейди Мўмин Ўмарқулов. – Ҳар йили Гулистонда ўтказиладиган “Қовун сайли”ни интизорлик билан кутаман. Сабаби бор. Чунки хушхўр ва мазали қовунларни яхши кўраман. Бу йилги сайил ўтган йилгисидан тубдан фарқ қилди. Чунки намойиш этилган ва бозор нархидан анча арзон сотилган қовун навлари сони анча кўп бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири